Муқаддам Абу Сахий бозорида раҳбарлик лавозимида ишлаб келган, ҳозирда Лондон шаҳрида яшовчи Д.А.нинг қизи ва набирасини ўғирлаб кетиб, ундан йирик миқдорда пул талаб қилган жиноий гуруҳ иши судда кўриб чиқилди.
Пинҳона режа
Суд ҳужжатларидан кўринишича, 2013 йилдан буён АҚШда истиқомат қилиб келаётган, жиноят оламида «Роха» тахаллуси билан танилган, содир қилган ўта оғир жиноятлар учун қидирувда бўлган Равшан Каримов Ўзбекистон ҳудудида одам ўғирлаш ва бунинг эвазига унинг яқин қариндошларидан пул талаб қилишни мақсад қилади. У мазкур режани амалга ошириш учун катта жиноий гуруҳ тузиб, унга раҳбарлик қилган. Жиноий гуруҳнинг “мўлжали” муқаддам Абу Сахий бозорида раҳбарлик лавозимида ишлаб келган, ҳозирда Лондон шаҳрида яшовчи Д.А. эди.
Жиноий гуруҳга кўплаб шахслар, жумладан, Қозоғистон ҳамда Жанубий Кореяда истиқомат қилиб келаётган жиноят олами вакиллари ҳам жалб этилган. Гуруҳ бир неча ой давомида Д.А.нинг Тошкент шаҳрида яшовчи қизи ҳамда набирасини ўғирлаб кетиш режасини тузади. Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига ўз вазифалари тақсимлаб берилган. Асосий “рол”ни эса Д.А.нинг қизига ҳайдовчилик қилувчи Жаҳонгир Мирхолиқов бажарган.
“Иш” битгач, гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига катта миқдорда, қилган ишига қараб 100 минг долларгача пул ваъда қилинганди.
Жиноятга тайёргарлик
Гуруҳ аъзолари жиноятни амалга ошириш учун бир неча ой тайёргарлик кўришган. Жумладан, нишонга олинган аёл ва унинг ўғлини қачон, қаерда ва қандай тартибда ўғирлаш, қайси машинада олиб кетиш, қандай қўрқитиш, қаерда сақлаш каби жиҳатлар ипидан игнасигача ўйлаб чиқилганди.
Жиноий уюшманинг Қозоғистондаги вакиллари Р.Содиқов, Бахитжан Бекбергенов ва терговда аниқлашнинг имконияти бўлмаган бошқа шахслар 2023 йилнинг 4 феврал, 12 феврал ва 7 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига келиб, вазиятни назорат қилишган. Улар Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида жойлашган «Шуҳрат» номли меҳмонхонага жойлашган ҳолда Telegram ва Whatsapp орқали «Роха»дан топшириқларни олиб туришган.
Топшириққа кўра, жиноий гуруҳ аъзолари Р.Содиқов, Бахитжан Бекбергенов, Дмитрий Цой, Андрей Дон, Нурмуҳаммад Исмоилов гаплашиб, жиноятни Яшнобод тумани, Шоҳимардон кўчаси ва Оҳангарон кўчаси кесишмасида амалга оширишга келишиб олишади. Ўғирланганларни қўрқитиш учун дўкондан сувенир тўппонча харид қилинади.
Равшан Каримов жиноий режани амалга ошириш чоғида жиноий шериклари фойдаланиши учун Ўзбекистонда истиқомат қилувчи қариндоши Рахматулло Каримов, таниши Жасур Зияев орқали Gentra, Cobalt машиналарини ижарага олиб берган. Шунингдек, харажатлар учун пул билан таъминлаб турган.















