2024 йилнинг 12 январ куни Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион "Coozin" платформаси ишга туширилди. Шу муносабати билан ЕХҲТ ва "The Coca-Cola Foundation" халқаро хайрия фонди кўмагида IT-Park Uzbekistan ва Ишбилармон аёллар халқаро ассоциацияси билан ҳамкорликда "Hilton" меҳмонхонасида тадбир ташкиллаштирилди. Платформанинг ишга туширилиши Ўзбекистонда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади.

"Coozin" лойиҳаси - ўз-ўзини банд қилган аёлларга товарлари, жумладан уйда пиширилган маҳсулотларини сотиш имконини берувчи Ўзбекистондаги биринчи лойиҳадир. У “The Coca-Cola Foundation” халқаро хайрия фонди кўмагида ЕХҲТ, IT-Park ва Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси кўмагида ташкил этилди. "Coozin" илғор рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аёллар тадбиркорлиги ва ўз-ўзини банд қилишни ривожлантиришга қаратилган.

Лойиҳа нафақат рақамли технологиялар ёрдамида бизнесни йўлга қўйиш орқали аёлларнинг тадбиркорлик потенциалини мустаҳкамлайди, балки, БМТнинг камбағалликни йўқ қилиш, муносиб иш билан таъминлаш ва иқтисодий ўсиш, инновациялар ва нотенгликни камайтириш каби барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам амалга оширади.

Тест режимида ишлаётган платформа ҳозирданоқ кунига 25 та буюртмани қабул қилмоқда. Унинг қулайлиги шарофати билан лойиҳа мамлакат бўйлаб ўз таъсирини кенгайтирмоқчи.

Платформа ишга тушиши муносабати билан ташкиллаштирилган маросимга 30 дан ортиқ латофатли тадбиркор аёллар ҳам ташриф буюрди. Тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа координатори Зильке Клёвер, Ишбилармон аёллар ассоциацияси бошқаруви аъзоси ва раиси ўринбосари Нигора Якубова, IT-Park Uzbekistan директори Фарҳод Ибрагимов, "Coca-Cola" компаниясининг Марказий Осиёда жамоатчилик билан алоқалар, коммуникациялар ва барқарор ривожланиш бўйича директори  Нази Арипжанова кириш сўзлари билан нутқ сўзлашди.

"ЕХҲТ аёлларнинг иқтисодиёт соҳасига аралашуви унинг жонланиши, барқарор ривожланиш ва ҳамоҳанг жамият қуришдаги ўрни муҳимлигини тан олади ва бу ЕХҲТ ҳудудидаги хавфсизлик ва мувозанатни таъминлашини таъкидлайди. Шунинг учун ташкилот дастурлари ва лойиҳалари иқтисодиёт соҳасида гендер тенглиги, ижтимоий ҳимоя олишга тенг имкониятларни таъминлаш ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш чораларини қабул қилишга қаратилган", - деди ўзининг кириш сўзида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа координатори в.в.б Зильке Клёвер.