11:25 / 12.01.2024
1952

Ural Airlines Ўзбекистонга парвозларни тиклайди

13 январдан Россия авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларини бошлайди. У 5 та йўналишда қатновларини амалга ошириши кутилмоқда.

Фото: Uzbekistan Airports

Ural Airlines авиакомпанияси Самарқанд, Наманган, Тошкент, Қарши, Урганч шаҳарларига парвозларни амалга оширади. Дастлабки рейс 13 январ куни бўлади. Бу ҳақда Uzbekiston Airports хабар бермоқда.

Компания йўловчиларга Аirbus А320 ва Аirbus А321 каби самолётлари билан хизмат кўрсатади.

Рейслар Россиянинг Екатеринбург, Самара, Красноярск ва Москва шаҳридан (Домодедово аэропорти ва Жуковский аэропорти) қуйидаги жадвал асосида қатнайди:

  • Екатеринбург — Самарқанд — Екатеринбург йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта — сешанба ва жума кунлари;
  • Москва — Наманган — Москва йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта — душанба ва шанба кунлари;
  • Москва — Тошкент — Москва йўналиши бўйича парвозлар ҳар куни;
  • Москва — Қарши — Москва йўналиши бўйича парвозлар ҳафтада уч марта — сешанба, пайшанба ва шанба кунлари;
  • Самара — Урганч — Самара йўналиши бўйича парвозлар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари.

Эслатиб ўтамиз, Ural Airlines ўтган йил бошидан бери Ўзбекистонга қатновларни тиклашга уриниб келади. Хусусан, 2023 йил феврал ойида Росавиация ташкилоти авиакомпанияга Ўзбекистоннинг 6 та шаҳрига парвоз қилишга рухсат берганди. Қатновлар ўша йил ёзидан бошланиши керак эди.

Кейинроқ эса Россиянинг тўққизта авиакомпанияси Ўзбекистондан янги рейслар учун рухсат сўради. Улар орасида Ural Airlines ҳам ҳаво қатновларини ташкил этиш учун ариза топширганди. Шу билан 2023 йил декабрь ойига келиб юқоридаги йўналишларда парвозлар тикланиши эълон қилинди.

Маълумот учун, Ural Airlines авиакомпанияси бош қароргоҳи Екатеринбургда (Россия) жойлашган. Авиакомпания Россиядаги энг йирик бешта авиаташувчилардан бири ҳисобланади.

Top