Ўзбекистон | 11:09 / 13.01.2024
2437
2 дақиқада ўқилади

Россияда мушкул аҳволда қолган фуқаро ва унинг вояга етмаган қизи Ўзбекистонга қайтарилди

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консуллиги дипломатлари кўмагида мазкур ҳудудда вақтинча ишлаётган фуқаро А.Т. ва унинг вояга етмаган қизи М.Ғ.нинг ватанга қайтиши таъминланди.

Бош консулхонага йўлланган мурожаатга кўра, Самарқанд вилоятида туғилган А.Т. 2021 йил 12 октябр куни туғилган қизи М.Ғ. билан бирга 2022 йилда Россиянинг Приморск ўлкасига вақтинча ишлаш учун келган

2023 йил 22 декабр куни унинг Владивосток шаҳридаги вақтинча турар жойида Приморск ўлкаси Вояга етмаганлар билан ишлаш бошқармаси ва маҳаллий полиция ходимлари томонидан текширув ўтказилган. Натижада, А.Т.нинг Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб тургани аниқланган.

Ҳолат бўйича тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган ва фуқаронинг вояга етмаган фарзанди Владивосток шаҳридаги «Краевой психоневрологический дом ребенка» марказига жойлаштирилган.

Бош консулхона ходимлари мурожаат асосида Приморск ўлкаси Вояга етмаганлар билан ишлаш бошқармаси вакиллари билан музокара ўтказди. Натижада, М.Ғ. онасига қайтарилди. Шунингдек, ушбу оиланинг молиявий аҳволи инобатга олиб, А.Т. ва унинг вояга етмаган фарзанди М.Ғ.га Ўзбекистонга қайтиш учун чипта сотиб олиб берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид