Хаёлотдан ҳақиқатга ўтган даврлар

Мавзу аввалида автоуловлар эволюциясига бир назар ташлаб олсак. От ва бошқа ҳайвонларсиз ҳаракатланадиган машиналар ёки самолёт ва вертолёт ҳақидаги амалий тасаввурлар 6 аср олдин яшаб ўтган италян рассоми Леонардо да Винчи чизмаларида учрайди.

Ундан кейин 18-асрда буғ билан ишлайдиган двигателлар яратилиб, улар кўчаларда ҳаракатлана бошлади. Электр тортиш кучига эга илк моторнинг миниатура модели эса 1828 йилда, деярли 2 аср олдин венгриялик Анёс Едлик томонидан ихтиро қилинган.

Ҳа, уни тўлақонли автомашина деб бўлмайди, албатта. Бу босқичга ўтилмаган ҳам. Лекин бу ихтиро электрокарлар яратилишидаги турткилардан бири эди. Муҳими, илк қадам ташланди.

6 йил ўтади. 1834 йилда америкалик Томас Девенпорт ўзининг электр мосламасини яратади. Шу йили олим ишланмасини айланма йўлда электрлаштирилган поезд макетига жойлаштиради. Бу ихтирони ҳали тасаввурига ҳам сиғдира олмаётган мутасаддилар унга патент беришда жуда иккиланишади ва бу жараён бироз кечикади. Девенпорт патентга уч йилдан кейин эришади.

Бошқалар ҳам қараб турмайди. Юқоридаги Венгрия ва Америка олимлари билан бир қаторда 1835 йилда голландиялик профессор Сибрандус Стратинг ва унинг ёрдамчиси Кристофер Беккер уч ғилдиракли, қайта зарядланмайдиган бирламчи галваник элементлар томонидан бошқариладиган кичик электр механизмини яратди.

Бу дунёдаги биринчи электр автомобилнинг оғирлиги уч килограммдан ошмайди. Батарея тўлиқ зарядланганда у йигирма дақиқа юра олади ва 1,5 килограмм юк кўтара олган, холос. Албатта, бу 1835 йил учун ёмон дизайн ва ихтиро эмасди.