Жамият | 17:33 / 30.01.2024
14840
3 дақиқада ўқилади

Огоҳ бўлинг: 10 дан ортиқ автолизинг фирмаларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

Рақобат қўмитаси фуқароларни автолизинг фирмалар билан шартнома тузишда огоҳ бўлишга, алданиб қолмасликка чақирди.

Фото: Kun.uz

Ўтган йиллар давомида автомобиллар учун олдиндан тўловларни амалга оширган, бироқ белгиланган муддатда машина етказиб берилмаган ёки тўланган пуллар қайтариб берилмаётгани ҳолати бўйича 2000 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Мазкур мурожаатларнинг асосий қисми «Umid avto companies» МЧЖ, «Orient avto lizing» МЧЖ va «Imkon avto» МЧЖ, «Mega auto lizing» МЧЖ, «AVTO 60-OY» МЧЖ, «Avtohamkor 0 foiz» МЧЖ ва бошқа корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Бу корхоналар истеъмолчиларнинг пул маблағларини қисқа муддатда янги автомобил олиб бериш ваъдаси билан жалб қилиб, ўз мажбуриятларини бошқа истеъмолчилардан жалб қилинган маблағлар эвазига қоплаш ва истеъмолчилардан олинган пулларни қайтаришни бир йилдан ортиқ муддатга кечиктириш (ушлаб туриш) каби ҳолатларга йўл қўймоқда.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан «Umid auto leasing», «Umid lizing Tashkent», «Umid auto», «Umid avto Tashkent», «Umid avto lizing», «Mega Avto Leasin-Hamkor», «Mega Avto Leasin», «Samo Rimmax Avto», «Rimmax Auto Leasin», «Ishonch Auto Leasin», «Asr Auto Leasin», «Baraka Avto Baraka Business» МЧЖлар мансабдор шахсларига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.

«Бироқ бугунги кунда ушбу каби корхоналар мансабдор шахслари томонидан истеъмолчиларни чалғитиш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан пул маблағларини жалб қилиш каби ҳуқуқбузарликларни давом эттирмоқда ҳамда улар фаолияти устидан истеъмолчилардан кўплаб шикоят аризалари келиб тушмоқда. Қолаверса, «AVTO 60-OY» ва «Avtohamkor 0 foiz» каби аҳолининг миллиардлаб пулларини ўзлаштирган автолизинг фирмалар ҳақида жуда кўп марта гапирилган бўлса-да, айрим фуқароларимиз ҳамон бундай фирмалар алдовига ишонмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, автолизинг фирмалар билан шартнома тузиш (имзолаш) ва уларга пул тўлашдан аввал шартнома шартлари билан яхшилаб танишинг, унда тўловлар талаблари ва муаммоли вазиятларда унинг қайтариб олиш муддати ва шартлари билан тўлиқ танишиб чиқинг, фирма ишончлилигини ахборот манбаларидан текширинг, ҳар қандай алдов ва ваъдаларга ишонманг», дейилади қўмита хабарида. 

Мавзуга оид