Украинада урушнинг 705-куни ўтди. Асосий маълумотлар:  

  • Украиналик бир қанча депутатлар ва нашрлар Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужнийнинг истеъфоси ҳақида ёзишди. Украина мудофаа вазирлиги бу хабарларга раддия берди. Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида Залужний ҳақида ҳеч нарса демади.
  • Россия мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Харкив областидаги Табаевка қишлоғи эгалланганини маълум қилди. Украина ҚК буни рад этди.
  • Зеленский Германиядаги ARD телеканалига берган интервюсида украин армиясида 880 минг киши борлигини маълум қилди ва кўчада чақирув қоғозлари тарқатишни нотўғри чора деб атади.
  • Россия қўшини Украинанинг Миколайив, Днипропетровск, Хмелницкая ва Ривне областларига саккизта дрон ҳамда тўртта ракета билан ҳужумлар уюштирди. Украина ҚК маълумотига кўра, дронларнинг барчаси уриб туширилган. Ҳужум оқибатлари юзасидан маълумот йўқ.
  • FT нашри ёзишича, Евроиттифоқ Украинани қўллаб-қувватлашдан бош тортадиган бўлса, Венгрия иқтисодиётига путур етказишга тайёр. Будапештдагилар эса бундай таҳдиддан бехабарликларини ва Венгрия «босимга бўйсунмаслиги»ни билдиришган.
  • «Коммерсант» нашри тасдиқлашича, Россиянинг уч регионида LTE интернети ўчирилиши «дронларга қарши мудофаа тизимини созлаш» ишлари билан боғлиқ.
  • Ярославлда дрон нефтни қайта ишловчи заводга ҳужум қилди. Губернатор Василий Голубев «шаҳар ташқарисидаги лагерда бир неча корпус деворлари ҳамда ойналари қисман шикастлангани»ни маълум қилган. Унинг маълумотига кўра, жабрланганлар йўқ.

Донецк ўққа тутилиши

Украина қўшини 29 январ куни Донецкни ўққа тутди. Зарба оккупация остидаги шаҳарнинг шарқий қисмидаги Калинин районига берилган. Москва томонидан тайинланган мэр Алексей Кулемзиннинг хабарига кўра, уч киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланган. Ҳужум вақтида врачлик диспансери шикастланган. Украина томони бу ҳужум юзасидан изоҳ бермади.

Донецк ўққа тутилиши оқибатида ёниб кетган автомобил
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Донецкда отишма вақтида ҳалок бўлган кишининг жасади