Ғазодаги вазият
Исроилнинг Ғазо секторига кенг кўламли босқини туфайли ҳалок бўлаётганлар сони ортишда давом этмоқда. Айни пайтгача қурбон бўлган фаластинликлар сони 26 минг 422 кишига етган. Ярадорлар сони 65 мингга яқинлашмоқда.
Боз устига, секторга инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилиниши вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
«Биз яна бир фожиа билан тўқнаш келдик. Биз Исроил томонидан гаровга олинган миллионлаб инсонларнинг ҳалок бўлиши таҳдидига дуч келдик. Ғазога қўйилмаётган инсонпарварлик ёрдами ва дори-дармонлар сектор ичидаги буюк ҳалокатнинг дебочаси бўлиши мумкин. Жаҳон ҳамжамияти 2 миллиондан зиёд гаровдагилар очарчилик ва эпидемик касалликларга дуч келмаслигининг олдини олиш учун турли усулларни қўллаяпти. Мен фаластинликлар қирилиб кетмаслиги учун барчани чоралар кўришга чақираман», — деган Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Албания пойтахти Тирана шаҳрида.
Парижда Ғазо сектори бўйича янги битим маъқулланган. Унда Исроил, АҚШ, Миср ва Қатар вакиллари қатнашган, деб хабар беради NBC телекомпанияси.
Ғазо секторида гаровда ушлаб турилган исроилликларни босқичма-босқич озод қилиш бўйича лойиҳа ҲАМАСга душанба куни етказилган.
Янги вариантдаги келишув икки ойлик оташкесим, гаровдагиларни исроилликларни қамоқдаги фаластинликлар эвазига ёш болалар ва аёллардан бошлаб босқичма-босқич озод қилишни назарда тутади.
Венгрия қўрқмаяпти
Венгрия Европа Иттифоқининг шантажларидан қўрқмайди, деган мамлакатнинг Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазири Янош Бока.
У Financial Times нашрида чоп этилган мақолани шарҳлаган. Мақолада айтилишича, агар Венгрия ҳукумати Украинани молиялаштиришни маъқуллашдан бош тортса, Европа Иттифоқи Будапештга қаттиқ босимлар ўтказишга тайёр. Стратегияга кўра, Венгриянинг «иқтисодий ожизликлари» нишонга олинади ва унинг миллий валютаси — форинт кучсизлантирилади.
Боканинг айтишича, Брюссел сиёсий босим ўтказиш учун Европа Иттифоқи фондларидан фойдаланмоқда.
Украина фронтидаги аскарлар сони қанча?
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатни мудофаа қилишда иштирок этаётган ҳарбийлар сони ҳақида гапирди. Германиянинг ARD телеканалига берган интервюси асносида Зеленский айни пайтда 880 минг одам ҳарбий хизматга жалб қилинганини таъкидлади.














