Жаҳон | 18:55 / 01.02.2024
9849
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Украинага 50 миллиард евро миқдоридаги ёрдамни маъқуллади

Шу пайтгача ёрдам ажратиш масаласини блоклаб келаётган Венгрия ҳам бунга рози бўлди. 

Фото: AFP/Getty Images

Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел Европа Иттифоқи саммитида Украинага 50 миллиард евролик узоқ муддатли ёрдам дастури маъқулланганини эълон қилди. Ёрдам пакети иттифоқнинг барча 27 аъзоси, жумладан Венгрия билан ҳам келишилган. 

«Бу Украинани барқарор, узоқ муддатли ва кафолатланган молиялаштириш имконини беради. Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлаш учун етакчилик ва масъулиятни ўз зиммасига олади», деб ёзди Мишел ижтимоий тармоқда. 

Reuters манбаларининг даъво қилишича, Европа Иттифоқи Киевга ёрдам ажратилиши масаласини ҳар йили қайта кўриб чиқади. Аввалроқ Украинага йиллар давомида олдиндан ёрдам ажратилишини маъқулламаган Венгрия айнан шу вариантни таклиф қилган эди. Бундан ташқари, Украина бўйича келишувдан қатъи назар, Европа Иттифоқининг Будапешт учун ажратган маблағлари музлатилган ҳолда қолади. 

Навбатдаги 4 йил давомида Украинага 50 миллиард евро ажратиш масаласи бир неча ойдан бери кўриб чиқилаётган эди. У ўз ичига 17 миллиард евро грант ва 33 миллиард евро миқдорида кредитни олади. Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери ЕИ Киевга 85 миллиард евро миқдорида ёрдам юборган. 

2023 йил декабрида бўлиб ўтган саммитда 50 миллиард евро ажратиш ташаббуси Венгрия томонидан блокланган эди. Будапешт нега бу сафар ветони бекор қилгани ҳақида ҳозирча изоҳ бермади. Financial Times газетаси саммит бошланишидан сал аввал агар Венгрия Украинага ёрдамни яна тўсиб қўйса, Европа Иттифоқи томонидан иқтисодиётига путур етказиш режаси ишлаб чиқилаётгани ҳақида ёзган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид