“ТошкентбошпланЛИТи” бош лойиҳа институти директорининг шаҳарсозлик ва илмий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зияев Kun.uz'нинг пойтахт бош режаси кечикаётгани ҳақидаги саволларига жавоб берди.
“2018 йилдан бошлаб бўтқа бўлиб кетди”
— Шаҳарсозлик қонунчилигида шундай нарса борки, қайсидир даврга қадар йирик ёки катта шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилади. Ўша давр келганидан кейин техник-иқтисодий асослари (ТИА) янгилаб борилиши керак. Чунки аҳоли сони ошади, яшаш суръати ўзгаради. Охирги марта 1991 йилда ТИА тасдиқланган. Ундан кейинги даврники ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга берилган. 2010 йилга келиб, ТИА қайтадан ишлаб чиқилган. Охирги финишга борганда бу жараён тўхтаган.
2013 йилда бош режани 2 босқичда ишлаб чиқиш топшириғи берилганди. Шунга асосан, бош режа ишлаб чиқилган, Вазирлар Маҳкамасидаги деярли ҳамма вазирликлар розилигини берган, фақат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги имзо қўймай юришган. Кейин шу билан вақт ўтиб кетган. Энди охири, [янги даврга келиб], бош режа масаласи кўтарилганидан кейин Иқтисодиёт ва молия вазирлиги берилган маълумотлар эски даврники эканини, бу йилга тўғри келмаслигини, ўзгартириш кераклигини айтишди.
2014 йилда бош режа экспертизалардан ўтиб бўлганди. 2017 йилда охирги марта тасдиқлатиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритилди. 2018 йилдан бошлаб эса бўтқа бошланиб кетди. 2018 йил 17 августда президентнинг 5515-сонли фармони чиққанидан кейин унинг 12-бандига асосан Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш учун халқаро танлов эълон қилиниши керак эди. Танловни ташкиллаштириш ва буюртмачилик вазифаларининг ҳаммаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига юклатилган эди. Лекин танлов ўтказилмади, буюртмачи томонидан бизга ҳеч қандай буюртма берилмади ва биз бош режа муаллифи сифатида олдинги режаларни давом эттирганмиз, лекин бу масала тўхтаб қолди.
2018 йил 20 декабрда президент ташрифи давомида яна Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини ишлаб чиқиш, халқаро танловни ўтказиш чораларини кўриш топшириқлари берилди. Биз томондан ваколатимиз доирасида белгиланган лойиҳа ишларининг давоми қилинди, лекин бу топшириқ ҳам якунига етмади. Ундан кейин 2019 йил апрелига қадар халқаро танлов натижалари киритилиши керак эди, у ҳам киритилмади. 2021 йилга келиб, президент ташрифи давомида яна навбатдаги топшириқ берилди. Унга кўра, 2041 йилгача мўлжалланган бош режани ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Лекин буюртмачи томонидан буюртма хатлари ёки молиялаштириш масалалари кўрилмаганидан кейин, бу жараён яна тўхтаб қолганди.
















