Хитойлик тадқиқотчилар инсоннинг юзи, тили ва кўз тўр пардаси тасвиридан фойдаланган ҳолда унинг биологик ёшини сунъий интеллект ёрдамида аниқловчи восита ишлаб чиқди. Бу усул ҳужайралар, тўқималар ва органларнинг ҳолатини билишга имкон беради, бирор сурункали касалликка чалиниш хавфи бор-йўқлигини аниқлайди.
Биологик ёш нима?
Инсоннинг хронологик ёшини аниқлаш учун унинг ҳайдовчилик гувоҳномасига қарашнинг ўзи етарли бўлиши мумкин. Лекин биологик ёшни аниқлаш бироз мураккаб. Хронологик ёшдан фарқли равишда биологик ёшни аниқлашнинг умумкелишилган бирор варианти йўқ. Биологик ёш ҳаёт тарзи, атроф-муҳит ва генетика сабаб таъсирланиши мумкин. Масалан, тамаки чекувчи инсон ўзининг тенгдошига нисбатан каттароқ кўриниши, доимий спорт билан шуғулланувчилар эса ёшроқ кўриниши мумкин.
2 ёш туридаги фарқ фақатгина теридаги ажинларнинг қанчалик чуқурлиги билан белгиланмайди. Агар сиз ўз хронологик ёшингизга нисбатан катта кўринсангиз сурункали касалликка чалиниш ёки когнитив сусайишга эртароқ дуч бўлишингиз эҳтимоли бор. Ёки биологик жиҳатдан ёшроқ бўлсангиз, кўпроқ яшашингиз мумкин.
Стенфорд университети генетиги Михаил Снайдернинг қайд этишича, биологик ёшни билиш муҳим, сабаби бирор муаммо аниқланса, инсон саломатлигини яхшилаш учун соғлом турмуш тарзига амал қилишни бошлаши мумкин.
Биологик ёшни қандай аниқлаш мумкин?
Қаришнинг дастлабки белгилари, яъни биологик ёшни аниқлаш моделлари ДНКдаги вақт ўтиши билан ўзгариб турувчи қайсидир генларнинг ўчирилгани ёки ёқилганини кўрсатувчи кимёвий белгиларни ҳисоблаш ёрдамида ўрганилади. Яна баъзи вариантлар эса қондаги глюкоза таркиби ва яллиғланиш оқсилларининг миқдорига қараб хулоса қилади. Олдинроқ олимлар инсоннинг юзи, мияси сканери ва қондаги протеин миқдорига қараб биологик ёшни аниқлаш усулини топган.
Бу каби усулларнинг барчаси биз улғайганимиз сари юзга ажин тушиши, диабет каби хронологик касалликларга чалиниш ҳолатлари каби содир бўладиган ўзгаришларни аниқлаб беради. Лекин қариш барибир мураккаб жараён, у ҳамма органларга турли йўллар билан таъсир қилади.
Янги усул ҳақида
Биологик ёшни аниқлаш учун хитойлик тадқиқотчилар Шимолий Хитой ҳудудида яшовчи 11,2 минг кишининг маълумотларини ўрганди. Сунъий идрок ёрдамидаги бу тадқиқотда инсоннинг юзи, кўз тўр пардаси ва тили тасвири асосида унинг биологик ёши аниқланади.










