Жаҳон | 12:28 / 22.02.2024
2772
2 дақиқада ўқилади

Швейцария Россияга нисбатан санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашни кучайтиради

Швейцария банк ҳисобларидаги Россия маблағларига нисбатан етарлича қаттиқ чоралар кўрмагани учун танқид қилинди. Берн ҳукумати мавжуд муаммоларни бартараф этиш ниятида.

Фото: Denis Balibouse/REUTERS

Швейцария Украина билан уруш туфайли Россияга киритилган санкцияларни четлаб ўтишга уринаётган компаниялар ва шахсларга қарши курашни кучайтиради. Иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти (SECO) санкцияларни амалга ошириш бўйича эксперт комиссиясини тузди, деб хабар қилди агентлик 21 феврал, чоршанба куни.

2023 йилда Швейцария швейцар банкларидаги Россия маблағларига нисбатан етарлича қаттиқ чоралар кўрмагани учун танқид остига олинган эди. 

2022 йил феврал ойида Россиянинг Украинага қуролли ҳужумидан бери SECO Россия Федерациясига қарши 230 та эҳтимолий жазо чоралари бузилишини қайд этди. Баъзи қонунбузарликлар Молия вазирлиги, божхона ва учинчи давлатларнинг сигналлари туфайли бўлим эътиборига тушди. 

Эҳтимолий қонунбузарликларнинг ўнлаб ҳолатлари 

Натижада 47 та иш очилган. Улардан 9 таси бўйича жарима солинди, яна 20 таси ёпилган. 18 та иш ҳали ҳам тергов қилинмоқда ва янги даъво қилинган қонунбузарликлар доимий равишда агентликка юборилмоқда, деб таъкидлади SECO. Аксарият ҳолатлар Россияга ҳашаматли буюмлар ёки Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган товарларни экспорт қилиш тақиқини бузиш билан боғлиқ. 

SECO’нинг экспорт назорати ва санкциялар бўйича бўлими раҳбари Саймон Плюс бошқа давлатлар энди Швейцария санкцияларга жиддий ёндашаётганини тан олишига ишонч билдирди. «Швейцария бошқа давлатлар билан ҳам маълумот алмашади. Танқидлар кўриб чиқилди», - дея қўшимча қилди у. 

Декабр ойи бошида SECO Россия Федерациясига қарши санкциялар муносабати билан музлатилган Россия маблағлари ҳажмини 7,7 миллиард Швейцария франкига баҳолади. Аниқроқ маълумотлар 2024 йилнинг иккинчи чорагида Швейцария банклари ўз ҳисоботларини ҳукуматга тақдим этганидан кейин пайдо бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид