ЕИ мамлакатлари элчилари иккита янги рўйхатни келишиб олган. Уларни ташқи ишлар вазирлари 12 октябр куни Люксембургда расман тасдиқлаши кутилмоқда.
Ҳозир Украинанинг ҳудудий яхлитлигини бузиш билан боғлиқ санкция режими доирасида қарийб уч минг шахс ва ташкилотга чеклов қўйилган. Янги қарор қабул қилинса, уларнинг сони бирданига ярмидан кўпроққа ошади.
Мазкур қарор Россия иқтисодиётининг алоҳида тармоқларига янги чекловлар жорий этишни назарда тутмайди. Асосий эътибор муайян шахслар ва ташкилотларга қаратилган.
DW’нинг Европа дипломатик доираларидаги манбаларига кўра, асосий рўйхат 1569 та номдан — 743 нафар шахс ва 826 та ташкилотдан иборат. Уларнинг аксарияти Россия ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ. Россия олигархлари орасидан янги шов-шувли исмлар киритилиши кутилмаяпти.
Reuters маълумотига кўра, янги рўйхатга киритилаётганларнинг ярмидан кўпи баллистик ракеталар, жумладан, «Искандер-М» мажмуаларини ишлаб чиқаришда иштирок этади.
Улар орасида ракета, ракета двигатели ва қаттиқ ёнилғи ишлаб чиқарувчилар, махсус материаллар ва дронлар тайёрловчи корхоналар, шунингдек, сувости кемаларига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар бор.
Яна 77 нафар шахс Украинанинг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларида Россия Давлат думаси сайловларини ташкил этиш ва ўтказишда қатнашгани учун санкцияга тушиши кутилмоқда. Бу рўйхатга номзодлар ва сайлов органлари вакиллари киритилади.
Бундан ташқари, вазирлар Шимолий Кореянинг Россия урушига кўмаги билан боғлиқ яна еттита номга нисбатан санкцияларни сиёсий жиҳатдан маъқуллаши кутилмоқда. Ушбу чекловларни расман тасдиқлаш кейинроқ амалга оширилади.
Европа Иттифоқи Россиянинг Европадаги гибрид ҳужумларига жавобан ҳам алоҳида рўйхат тайёрламоқда. 12 октябр куни бу йўналишда, жумладан, Лейпцигдаги ҳужум билан боғлиқ 12 та ном бўйича сиёсий келишувга эришилиши мумкин. Расмий тасдиқ эса кейинроқ, эҳтимол, ноябрдаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида бўлади.
Европалик дипломатларга кўра, мазкур чекловлар таниқли россиялик тарғиботчилар ва оммавий ахборот воситаларини ҳам қамраб олиши мумкин. Рўйхатга дезинформация кампанияларини ташкил этиш ва тарқатишни таъминловчи асосий тузилмаларни киритиш ҳам режалаштирилган. Якуний таркиб ва исмлар ҳозирча очиқланмаган.














