VEON Ўзбекистонда биринчи бор лойиҳаси жорий қилинган геолокация шлюзи платформасини ишга туширганини эълон қилди. Бу тижорий хизматлардан тортиб молиявий хизматлардаги фирибгарликни камайтириш ва фавқулодда хизматларни қўллаб-қувватлашгача бўлган кенг миқёсда фойдаланиш имкониятини беради. Геоаналитик шлюз Глобал мобил алоқа тизимлари ассоциациясининг Open Gateway тизимига асосланган. Лойиҳа дастурчиларга универсал API протоколлари асосида уяли алоқа операторлари тармоқларига кириш имконини беради.
Мобил алоқа глобал тизимлари ассоциацияси (ёки GSMA) — дунё бўйлаб уяли алоқа операторлари манфаатларини ифодаловчи савдо ташкилоти ҳисобланади. 800 га яқин уяли алоқа операторлари GSMA'нинг тўлақонли аъзоси бўлса, 400 дан ортиқ компаниялар эса, ассоциацияланган аъзолардир.
Геолокация шлюзи Nokia ва Infobip билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва иловаларга қурилмаларнинг жойлашувини аниқлаш имконини беради. Келажакда бу лойиҳа VEON гуруҳининг барча рақамли операторлари кесимида кенгайтирилиши режалаштирилган, шунингдек, бошқа уяли алоқа операторлари томонидан лицензиялаш учун очиқ саналади.
Технология давлатга қарашли соҳалар учун ҳам янги имкониятларни очади. Масалан, фавқулодда хизматлар маълум жойларда одамларни сув тошқини, зилзила ёки бўрон каби яқинлашиб келаётган табиий офатлар ҳақида огоҳлантиришлари мумкин. Молиявий ташкилотлар эса карта эгасининг транзакция ёки банкоматдан пул ечиб олиш вақтида ҳозир бўлганлигини аниқлаши мумкин бўлади. Тижорий компаниялар учун технология мижозлар билан мулоқот қилишда янги ёндашувларни яратади. Масалан, фойдаланувчилар ресторан, дўкон ва бошқа кўнгилочар масканларнинг маълум радиусида бўлганларида СМС-хабарномалар олишлари мумкин бўлади.
Геолокация шлюзи халқаро махфийлик қонунлари ва маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва учинчи томон хизматларига фақат аноним маълумотларнигина тақдим этади. Муайян фойдаланувчига тегишли маълумотлар ишончли томон сифатида фақат уяли алоқа операторида қолади. Тижорий иловалар учун, жисмоний шахслар билан коммуникациялар ушбу юрисдикциянинг ҳуқуқий сиёсатига тўлиқ асосланади.
“Мобил алоқа операторлари рақамлаштириш орқали иқтисодий ривожланишда етакчи ўринда туради. Айниқса, VEON ишлайдиган динамик ўсувчи бозорларга эга мамлакатларда. Геолокация шлюзи ёрдамида биз бозорларимизда кенг кўламли рақамлаштиришга имкон берувчи энг сўнгги халқаро стандартларни жорий қилмоқдамиз”, — дейди VEON компанияси гуруҳи бош директори Каан Терзиўғлу.
“Open Gateway ташаббуси корпоратив ишлаб чиқувчиларга тармоқларни дастурлаш ва API универсал тизими орқали уланиш имкониятини беради. Бундай ўзаро ҳамкорлик иловаларни бир марта дастурлашни ва кейин уларни бутун дунё бўйлаб ўзаро боғланган операторлик тармоқлари билан интеграциялаш мумкинлигини англатади. Бу рақамли ечимларни имкон қадар тезроқ амалга ошириш имконини беради”, деб тушунтиради GSMA техник директори Алекс Синклер. Шунингдек, у қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: "VEON ушбу ташаббусни ундан фойдаланиш имкониятлари кенг бўлган Марказий ва Жанубий Осиё бозорларига олиб чиқаётганидан мамнунмиз. Биз таклиф этаётган фавқулодда ҳолатларга қандай реакция кўрсатишдан тортиб, то тижорий ривожланишгача бўлган ечимлар жуда долзарб деб ўйлайман ва бошқа уяли алоқа операторлари учун ҳам кенгайтирилиши мумкинлигини билдириб ўтмоқчиман".














