Tribuna.uz манбаси тақдим этган ҳужжатларга кўра, ФИФА «Бунёдкор» клубининг Ривалдо олдидаги қарздорлиги – 8,1 миллион евро, Денилсон олдидаги қарздорлик – 1,1 миллион евро маблағни тўлаш бўйича қарорни Ўзбекистон футбол ассоциациясига юборган.

ФИФА тартиб-интизом қўмитаси аъзолари 22 феврал куни «Бунёдкор» клуби ва бразилиялик ўйинчилар ўртасидаги мазкур иш бўйича қарорни қабул қилган. ФИФА қарорида қуйидагилар маълум қилинган:

«Бунёдкор» ва Ривалдо ўртасидаги иш бўйича:

1. «Бунёдкор» клуби ФИФА низоларни ҳал қилиш палатасининг 2017 йил 21 сентябрда қабул қилган қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилган. Бу Спорт арбитраж суди томонидан 2023 йил 6 ноябрда чиқарилган қарорда тўлиқ тасдиқланган.

2. «Бунёдкор» клуби ФИФА низоларни ҳал қилиш палатаси ва CAS қарорига кўра, Ривалдо Витор Борба Феррейрега қуйидагиларни тўлаши шарт:

2 489 947 евро – клуб томонидан бразилиялик футболчига тўланмаган мукофот пули ҳамда йиллик 5 фоиз устама;

5 664 000 евро – шартнома бекор қилиниши сабабли товон пули ҳамда йиллик 5 фоиз бонус.

10 минг Швейцария франки – арбитраж суди жараёнида харажатлар учун товон пули.

«Бунёдкор» ва Денилсон ўртасидаги иш бўйича:

1. «Бунёдкор» клуби ФИФА низоларни ҳал қилиш палатасининг 2017 йил 21 сентябрда қабул қилган қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилган. Бу Спорт арбитраж суди томонидан 2023 йил 6 ноябрда чиқарилган қарорда тўлиқ тасдиқланган.

2. «Бунёдкор» клуби Денилсон Мартинш Насимьентога қуйидагиларни тўлаши шарт:

700 000 АҚШ доллари – клуб томонидан бразилиялик футболчига тўланмаган мукофот пули ҳамда йиллик 5 фоиз устама;

400 000 АҚШ доллари – келишув шартлари бузилганлиги учун товон пули ҳамда йиллик 5 фоиз бонус.

10 минг Швейцария франки – арбитраж суди жараёнида харажатлар учун товон пули.

Қайд этилишича, ФИФА томонидан «Бунёдкор» клубига 30 кун ичида ушбу маблағни тўлаш муҳлати берилган. Акс ҳолда ташкилот томонидан тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.