Нутқида ва эшитишда нуқсони болаларга ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилган Нодир Камолов тили чучук болаларнинг гапиришига ёрдам берувчи роботлар сериясини кашф қилган. Бироқ ёш ихтирочи Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон шароитида робототехникадан даромад кўриш қийин эканлигини айтди. “Чунки бу йўналишда буюртма олувчилар йўқ”, — деди у.
Нодир Камолов 29 ёшда. У Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида таҳсил олган. Ҳозирда мазкур таълим даргоҳининг докторантурасида изланишларини давом эттирмоқда. Ўзбек тилида сўзлашувчи роботлар устида тадқиқотлар олиб боради. Шу билан бирга Ал-Хоразмий номидаги Тошкент давлат ахборот технологиялари университетида матбуот котиби сифатида ишлаб келади.
“Эшитиш ва гапиришда нуқсони бор болаларга ёрдам бериш робототехник бўлишга ундади”
6 йилдан буён ўзбек тилида сўзлашувчи роботлар бўйича изланишлар ўтказаман. Бир неча йил аввал эшитиш ва нутқида нуқсони бор болаларга мўлжалланган Олмазор туманидаги бир мактабга тадбирга борганимда ўша ердаги болаларни кузатиб, уларга ёрдам беришни ўз олдимга мақсад қилган эдим. Шундан сўнг тили чучук болаларнинг гапиришига кўмаклашадиган роботларни ихтиро қилиш бўйича чуқурроқ излана бошладим. Ҳозиргача “Nodbot” деб номланувчи роботлар сериясини ихтиро қилдим, унинг 3 та русуми ишлаб чиқилган.
“Nodbot” нинг сўнгги модели мактаб ёшидаги болалар билан ўзбек тилида сўзлашади. Ушбу роботни эшитиш қобилиятида нуқсони бор болаларга кохлеар имплантация амалиётини бажаргандан кейинги реабилитация жараёнида ҳам қўллаш мумкин. “Nodbot”нинг 3 версияси логопед томонидан ўтказиладиган машғулотлар ўрнини муайян даражада боса олади. Робот билан мулоқот геймификация (компьютер ўйинларига хос бўлган техник ёндашувлар) кўринишида бўлгани учун боладаги реабилитация жараёни одатдагидан кўра тезроқ кечади.
Бу роботимизга 1200 доллардан ошиқроқ харажат қилдик. Унга ўзбекча сўзлар, ҳатто мураккаб жумлалар ҳам киритилган. Маълумки, Google, Яндекс хизматлари ўзбек тилидаги ғ, ҳ, қ товушларини қабул қилолмайди, лекин бу робот дастурига айни шу ҳарфлар ҳам жойлаштирилган.
Робототехникада даромад юқори, бироқ…
Соҳада даромад топиш дунё миқёсида яхши, аммо республикамиз доирасида сал қийинроқ масала. Ўзим ҳам бу соҳада даромад учун фаолият юритмайман, робототехника йўналишида ёшларга ёрдам бериш, талаффузида нуқсони бор болаларга кўмаклашишга ҳаракат қиламан, яъни маблағ топиш асосий ҳаракат ричаги эмас.





