Жаҳон | 18:28 / 26.02.2024
18174
4 дақиқада ўқилади

Навалнийнинг сафдошлари у шу кунларда алмаштиришга тайёрланганини айтишди

Украина разведкаси эса унда чиндан ҳам тромб кўчиши рўй бергани ва бу табиий ўлим бўлганини айтмоқда.

Фото: Вера Савина / AFP / Scanpix / LETA

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг жамоаси у шу кунларда озодликка чиқиши керак бўлганини маълум қилди. Коррупцияга қарши курашиш фондининг Навалний тайинлаган раҳбари Мария Певчихнинг сўзларига кўра, сиёсатчининг жамоаси уни ёлланма қотил Вадим Красиков билан алмашиш учун ҳаракат қилаётган бўлган.

«Ҳозир мен ўтирган жойда Навалний ўтириб гапириши мумкин эди. Йўқ, бу муболаға эмас. Навалний шу кунларда озодликка чиқиши керак эди. Чунки биз уни алмашиш дастурига қўшиш бўйича қарор қабул қилишларига эришгандик. Феврал ойи бошида Путин ФХХ киллери Вадим Красиковни икки нафар америкалик ва Алексей Навалнийга алмашишни таклиф қилган.

15 феврал куни кечқурун мен музокаралар олиб борилаётгани ва ҳал қилувчи паллага киргани ҳақида хабар олдим. 16 февралда эса Алексейни ўлдиришди», деган Мария Певчих видеомурожаатида.

Алексей Навалний қамоққа тушганидан кейин ўзи асос солган фонд раҳбари этиб тайинлаган Певчих уруш бошлангач, сиёсатчининг жамоаси уни нима қилиб бўлса ҳам қамоқдан чиқариш керак деган қарорга келганини айтди.

«Чунки уруш бошлангач, Путинни ҳеч нима тўхтата олмасди. У ўн минглаб одамларни ўлдириб юборди. Навалнийни қутқаришнинг ягона йўли эса алмашув эди», деди Певчих.

Унинг сўзларига кўра, Навалний жамоаси уни қутқариш учун жуда кўп одамларга алоқага чиққан. Хусусан, вазиятга аралашиши мумкин бўлган дунёнинг энг бой одамларидан тортиб Путиннинг дўстлари ва ўтган йил вафот этган АҚШ собиқ давлат котиби Ҳенри Киссинжергача.

Певчих айнан Навалний жамоаси Вадим Красиков масаласини музокаралар марказига қайтара олганини айтган. Ўтган йил декабр ойида Навалнийни Красиковга алмашиш масаласи расмий музокаралар даражасига кўтарилган. Навалний жамоасига кўра, Путин америкалик журналист Такер Карлсон билан учрашувда бежиз Германия қамоқхонасида сақланаётган Красиковни алмашиши мумкинлигига ишора қилмаганди.

Навалний вафот этганидан кейин унинг жамоасига Вадим Красиковни Навалнийга алмашиш таклифини Путинга Роман Абрамович етказганини хабар қилишган. Россиялик миллиардердан бу борада сўрашган, лекин у жавоб беришни истамаган.

Маълумот учун, 16 феврал куни Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний қамоқхонада вафот этгани ҳақида хабар эълон қилинди. Бу ҳақда олдиндан ҳеч қандай миш-мишлар пайдо бўлмаганди ва 15 феврал куни судда қатнашган сиёсатчи вафот этгани ҳақида бирданига у сақланаётган Сибирдаги қамоқхона расмий сайтида хабар берилди.

Унинг жасадини 25 февралга келибгина онасига беришди. Турли нашрларга кўра, дафн маросими 29 феврал куни ўтказилади. Худди ўша куни Путин Федерация кенгашига мурожаат қилади.

Навалний жамоаси унинг ўлимини Кремлга боғламоқда. Улар сиёсатчини ўлдириш буйруғини шахсан Владимир Путин берган деб ҳисоблашяпти. Навалнийнинг беваси Юлия Навалная ҳам шу фикрни илгари сурди.

Сиёсатчининг ўлимидан кейин бу ҳақда турли тахминлар пайдо бўлди. 24 феврал куни урушнинг икки йиллиги муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов эса унда мавжуд разведка маълумотларига кўра россиялик мухолифатчи чиндан ҳам расмий маълумотдаги каби тромб кўчишидан вафот этганини айтди.

Мавзуга оид