Жаҳон | 09:27 / 09.03.2024
14610
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Россиянинг Эрдўған тинчлик саммитида иштирок этишига қарши

Туркия президенти Украина ва Россия ўртасида тинчлик музокараларини ташкил этишни таклиф қилди. Володимир Зеленский Россиянинг тинчлик саммитидаги иштирокига қарши чиқди.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан Украинадаги урушни тинч йўл орқали ҳал қилиш бўйича саммитда Россиянинг иштирок этишига қарши чиқди. Зеленский 8 март, жума куни Истанбулда Эрдўған билан учрашганидан сўнг, қўшма матбуот анжуманида Украина ушбу саммитда Россия вакилларини кўрмаётганини айтди.

«Биз ҳамма нарсани тўсиб қўядиган, йўқ қиладиган ва ўлдирадиган одамларни қандай таклиф қилишингиз мумкинлигини кўрмаяпмиз. Биз натижага эришмоқчимиз. Натижа - Украина учун адолатли дунё. Шунинг учун, биринчи навбатда, цивилизациялашган давлатлар режа ишлаб чиқади, шундан кейингина улар буни амалга оширади. Россиянинг адолатли тинчликни хоҳлайдиган вакилларини жалб қилинг», деди Зеленский.

«Туркиянинг алоҳида роли» ва «тинчлик формуласи»

Унинг сўзларига кўра, Эрдўған билан учрашувда Украина «тинчлик формуласи» ҳақида кўп гапирилган. У Туркия президентига етакчилар даражасидаги тинчлик саммитига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берди. «Туркия тинчлик формуласини тўлиқ амалга оширишда давлатингиз етакчилиги ўрни учун тинчлик саммитида алоҳида намойиш этилишига лойиқ», - деди Зеленский.

Зеленский музокараларни «самарали» деб атади ва Туркияга 2022 йилнинг ёзида «дон келишуви» ва Россия билан ҳарбий асирларни алмашишда воситачилик қилгани учун миннатдорчилик билдирди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, президентлар Қора денгиздаги кемалар ва портлар хавфсизлигини таъминлаш, маҳбуслар алмашинувини давом эттириш, дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган. Унинг қўшимча қилишича, ҳар икки сиёсатчи ҳам қатор масалаларда бир хил фикрда. 

Эрдўған ташаббуси 

Ўз навбатида, Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркия Украинадаги урушни ҳал этиш бўйича саммитга мезбонлик қилишга тайёрлигини, унга Москвадан ҳам вакиллар таклиф этилишини айтди. У Туркиянинг Украинада музокаралар асосида вазиятни тинч йўл билан ҳал қилинишига бошиданоқ ўз ҳиссасини қўшганини ва қўшишда давом этаётганини эслатди. 

«Биз Россияни ўз ичига олган тинчлик саммитига мезбонлик қилишга тайёрмиз. Украина билан бирдамлигимизни давом эттирар эканмиз, урушни музокаралар йўли билан тугатиш учун ҳаракат қилишни давом эттирамиз», - деди Эрдўған. 

Туркия президентининг сўзларига кўра, агар Москва ва Киев «дон битими»ни қайта тиклаш бўйича келишиб олса, Анқара зарур ёрдамни кўрсатади. «Қора денгиз ғалла ташаббуси глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олди. Шартнома шу залда тузилди. Биз аввалгидек янги келишувга кўмаклашишга тайёрмиз», деб таъкидлади Эрдўған.

Россиянинг позицияси 

Россия расмийлари ўз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мулоқотга тайёр эканини билдирди. Шу билан бирга, Россия ТИВ Украина томонининг ўз «тинчлик формуласи»даги шартларини қабул қилиб бўлмас, деб атади.

Мавзуга оид