Россия омбудсмани Яна Лантратова ва унинг украиналик ҳамкасби Дмитрий Лубинец бу ҳақда 29 октябр оқшомида ижтимоий тармоқларда хабар берган.

Эълон қилинган режага кўра, гуманитар карвон марказий туман шифохонасига йўл олади. Шаҳарни тарк этишни истаганларга соат 14:00 гача чиқиб кетиш имконияти яратилиши, гуманитар ёрдам тарқатиш эса 14:30 дан кейин бошланиши айтилган. Омбудсманлар зарур хавфсизлик чоралари кўрилишини билдирган.

Лубинецнинг маълум қилишича, Украина, Россия ва АҚШ делегациялари гуманитар миссия доирасидаги кейинги ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун тўпланган. Уч мамлакат журналистлари ҳам миссияда иштирок этмоқда.

Лантратова журналистлар эвакуация қилинган Олешки аҳолиси билан бевосита суҳбатлашиш имконига эга бўлишини айтган.

Икки омбудсман ҳам гуманитар келишувларга эришишдаги шахсий иштироки, воситачилиги ва мувофиқлаштириш ишлари учун АҚШ биринчи хоними Мелания Трампга миннатдорлик билдирган.

Аҳолини эвакуация қилиш бир неча кун давом этиши ва 30 октябрдан 1 ноябргача бўлган даврни қамраб олиши мумкин. Гуманитар миссия учун 27 октябр куни Киев вақти билан соат 03:00 да ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирган. У 1 ноябр соат 22:59 гача амал қилиши белгиланган.

АҚШ расмийлари маълумотига кўра, маҳаллий аҳоли Россияга ёки Украина ҳукумати назоратидаги ҳудудларга боришни ўзи танлаши мумкин.

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти одамларни Россия қўшинлари назоратидаги ҳудудлар орқали олиб чиқиш эҳтимолини билдирган. Fox News маълумотига кўра, эвакуация қилинганларни дастлаб Россиянинг Анапа шаҳрига олиб бориш режалаштирилган. У ердан Украинага қайтишни истаганлар самолётда Беларуснинг Гомел шаҳрига юборилиши кўзда тутилган.

Олешки — Херсон вилоятида, Днипро дарёсининг Россия армияси босиб олган чап соҳилида жойлашган шаҳар. Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланишидан олдин бу ерда қарийб 24 минг киши яшаган.

Ҳозир турли ҳисоб-китобларга кўра, шаҳарда 1 700–2 000 нафар аҳоли қолган. Улар орасида камида бир неча ўн нафар бола ҳам бор.

2023 йил июнида Каховка ГЭСи вайрон бўлгач, Олешки деярли бутунлай сув остида қолган. Тошқин оқибатлари инфратузилма ва ичимлик суви таъминотида қўшимча муаммоларни келтириб чиқарган.