Россиянинг Украина билан чегарадош икки региони — Курск ва Белгород областлари — пайшанба куни бир неча бор ўққа тутилди. Белгородда эрталабки зарбалар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, йигирмага яқин киши жароҳатланган. Курск областида чегарадаги Теткино посёлкаси зарбалар остида қолган, Россия ҳукуматига кўра, бу ерда диверсантларнинг ҳужумлари қайтарилмоқда.
14 март куни Белгород областига аввалига самолёт типидаги дронлар ҳужум қилди, кейин эса — маҳаллий вақт билан соат 08.30 атрофида Белгород шаҳрига баравар ўт очиш реактив тизимларидан зарбалар йўлланди.
Регион губернатори Вячеслав Гладковнинг хабар беришича, ҳаводаги саккизта нишон шаҳарга киришидан олдин уриб туширилган, аммо снарядлардан бири енгил машина двигателига келиб урилган. Бу вақтда автомобил бошқарувида бўлган эркак воқеа жойида ҳалок бўлган.
Дастлабки ўққа тутиш оқибатида жами олти киши жароҳатланган.
Пайшанба кунининг иккинчи ярмида Белгород области яна икки бор ўққа тутилди.
Иккинчи зарба вақтида, гувоҳларнинг сўзларига кўра, Белгород шаҳри марказида портлаш рўй берган — вокзал ҳудудида. Гувоҳлар шаҳар узра кўтарилган тутун устуни, шунингдек деразалари тўкилиб кетган хусусий уйлар ва кўп қаватли квартиралар фотосуратларини намойиш этган.
Гладков ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Белгород йўналишида ҳаракатланган 10 та ҳаво нишонини уриб туширганини маълум қилган.
Бу ҳужум оқибатида ҳам автомобил рулида бўлган бир маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлган. Портлаш оқибатида аёлнинг машинаси йўл четидаги ариққа ағдарилиб кетган. «Олинган жароҳатлар оқибатида аёл воқеа жойида ҳалок бўлган», — дейилади губернаторнинг хабарида.

Яна камида уч киши тан жароҳати олган. «Икки аёл баротравма билан ва бир эркак елкасидан осколка жароҳати билан тез ёрдам бригадасида Белгороддаги 2-сонли шифохонага етказилган», — дея хабар қилган Гладков.
Расмийларга кўра, Белгородда камида саккизта кўп квартирали уйлар ҳамда учта хусусий уй, шунингдек 13 та автомобил шикастланган.















