Жаҳон | 08:54 / 15.03.2024
16502
3 дақиқада ўқилади

Россияда президентлик сайловлари бошланди

Россия шарқида биринчи сайлов участкалари очилди. Мамлакатда овоз бериш уч кун давом этади. Владимир Путин бешинчи муддатга сайланиш ниятида.

Фото: AP

Россияда 15 март, жума куни Камчатка ва Чукоткада илк сайлов участкалари очилди. Россия Федерациясида президентлик сайловлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтади, асосий овоз бериш 17 март, якшанба куни кузатилади.

Россия Федерацияси президенти сайловида овоз бериш учун 94 мингдан ортиқ сайлов участкалари ташкил этилди, 113,5 миллионга яқин сайлов бюллетенлари тайёрланди, деб хабар қилди Марказий сайлов комиссияси. 25 февралдан бориш қийин бўлган жойларда муддатидан олдин овоз бериш, 1 мартдан эса хорижда овоз бериш мумкин эди. Бундан ташқари, Қрим ва Украина шарқидаги эгаллаб олинган ҳудудларда Россия Федерацияси президенти учун сайловлар бўлиб ўтмоқда. Киев вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларда яшовчи ёки Россия Федерацияси ҳудудида қолишга мажбур бўлган украиналикларни «сохта сайловларда» қатнашмасликка чақирди.

Сайловлардаги номзодлар

Сайловда тўрт нафар номзод иштирок этмоқда: амалдаги президент Владимир Путиндан ташқари, ЛДПРдан Леонид Слуцкий, Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Николай Харитонов ва «Новые люди» партиясидан Владислав Даванков ўз номзодларини илгари сурди. 

Россия Федерациясини 24 йил бошқариб келаётган 71 ёшли Путин яна олти йилга олий давлат лавозимига қайта сайланиш ниятида. 

Акциялар

Феврал ойи ўрталарида Қутб доирасидан ташқаридаги колонияда вафот этган россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ҳамкорлари россияликларни 17 март куни соат 12:00 да сайлов участкаларига боришга ва шу тариқа сиёсат ҳамда рақобатсиз сайловларга қарши норозилик билдиришга чақирмоқда. Навалнийнинг ўзи ҳаёти давомида кампанияни қўллаб-қувватлаган. Михаил Ходорковский, Михаил Лобанов, Максим Резник, Дмитрий Гудков ва бошқа россиялик мухолифатчилар ҳам бу ҳаракатни қўллаб-қувватлади. Сиёсатчининг беваси Юлия Навалная Ғарбни Россия Федерациясидаги сайлов натижаларини тан олмасликка чақирди.

Москва прокуратураси 17 март куни тушдан кейинги митингларда иштирок этмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Асосий сайлов куни тушдан кейин сайлов участкаларида «мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлар»да иштирок этиш жиноий қонунбузарлик сифатида баҳоланади, дейилади департаментда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид