Ўзбекистон | 14:18 / 16.03.2024
3829
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат «Ҳаётий давр шартномаси» асосида ишлаш тартибини тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳаётий давр шартномаси” асосида ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

“Ҳаётий давр шартномаси” асосида ишлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом мазкур шартномалар асосида ишлаш тартиби ва йўналишлари, шартномаларни тузиш ва уларнинг реестрини юритиш тартибини белгилайди.

Маълумот учун: пойтахтда айрим объектлар негизида “Тошкент инвест компанияси” АЖ томонидан қиймати 1 млн АҚШ долларигача бўлган ДХШ лойиҳаларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Компанияга айрим йўналишлар бўйича объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги ишларни давлат харидлари доирасида “Ҳаётий давр шартномаси” асосида битта тадбиркор билан ҳамкорликда амалга оширишга рухсат этилган.

“Ҳаётий давр шартномаси” қуйидаги йўналишларда тузилади:

автомобил йўллари, шу жумладан, йўлбўйи инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни сақлаш;
коммунал хўжалиги соҳасидаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни сақлаш;
ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ва уларни сақлаш;
дастурий таъминотларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва келгусида қўллаб-қувватлаш.
 
Тегишли давлат органи (ташаббускор) компанияга “Ҳаётий давр шартномаси” асосида лойиҳани амалга ошириш ҳақида буюртмани тақдим этади.

Компания томонидан лойиҳани тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилиниб, амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ижрочилар танланиб, шартномалар имзоланади.

Шартномалар рўйхати махсус порталда юритилади.

Мавзуга оид