13 март куни интернетда Сурхондарё вилояти Узун тумани Баҳористон маҳалласида солиқ инспекцияси ходими ва сотувчи аёллар ўртасида жанжал юзага келгани акс этган видео тарқалди.

Видеода солиқ инспекцияси ходими икки сотувчидан салат солинган тоғорани тортиб олишга уринаётгани, улар қаршилик кўрсатгани, шу аснода тоғорадаги салат тўкилиб кетганини кўриш мумкин. Шундан кейин аёллардан бири ходимнинг устига салат сувини сепиб, “яшагани қўй, нимага сенларнинг дастингдан тинчлик йўқ”, дея бақирган.

Видео ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, 13 март куни Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси муносабат билдириб, ҳолат назоратга олингани, хизмат ўрганиши тайинлаганини маълум қилди.

15 март куни бошқарма ўрганиш натижаларини маълум қилди. Унга кўра, воқеа 12 март куни Узун тумани солиқ инспекцияси ходимлари томонидан туманнинг Баҳористон маҳалласи ҳудудида савдо қилиш учун белгиланмаган жойларда ноқонуний фаолиятнинг олдини олишга қаратилган тадбир давомида содир бўлган.

“Тадбир давомида мутасаддилар томонидан кўп маротаба огоҳлантиришларга қарамай, қонунга зид ҳамда антисанитария ҳолатида савдо фаолиятини давом эттириб келаётган фуқаролар Ш.Т. ҳамда С.Т. солиқ инспекцияси ходими Ф.Эргашевнинг ноқонуний савдо фаолиятини расмийлаштириш талабига қаршилик кўрсатиб, жанжал кўтарган ва давлат хизматчисини обрўсизлантиришга ҳаракат қилган.

Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Узун тумани судининг қарорига асосан Ш.Т. ҳамда С.Т.га нисбатан маъмурий тартибда чора кўрилгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти солиқ ходимлари орасида йиғилиш ўтказилиб, ҳар бир ходим давлат хизматчисининг ички меҳнат тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиши юзасидан огоҳлантирилди”, – дейилади расмий хабарда.

“Зўр ТВ” телеканалининг “Бу кун” репортажидан маълум бўлишича, суд икки фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан 3 БҲМ – 1 млн 20 минг миқдорида жарима жазосини тайинлаган.