«ҲАМАС иерархиясидаги учинчи шахс Марвон Исо исроилликларнинг ўтган ҳафтадаги амалиёти натижасида ўлдирилди. Қолган етакчи раҳбарлар катта эҳтимол билан ҲАМАС туннеллар тармоғида чуқур яширинган, аммо адолат уларга ҳам етиб боради», — деган Салливан брифинг чоғида.

У шунингдек АҚШ президенти Жо Байден душанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқот ўтказганини айтган.

ҲАМАС вакиллари Исонинг ўлими тўғрисидаги хабарларга изоҳ бермаган.

11 март куни исроиллик ҳарбийлар Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагери ҳудудидаги ерости комплекси бўйлаб авиазарба йўллангани, айнан Исо зарба нишони бўлганини хабар қилишганди. У ҲАМАСнинг Исроилга 7 октябр куни амалга оширилган ҳужуми ташкилотчиларидан бири экани айтилади.

Исо ҲАМАСнинг ҳарбийлашган қаноти — «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадаси бош қўмондони Муҳаммад Дейфнинг ўнг қўли саналарди.

Ўтмишдаги актёр, баскетболчи, шифокор: ҲАМАС етакчилари ҳақида нималар маълум?

Исроил мудофаа армияси расмий вакили Даниэл Ҳагари ўшанда амалиёт чоғида Исо ўлдирилганига ойдинлик киритмаганди: «Биз ҳали зарба оқибатларини ўрганмоқдамиз ва ҳозирча якуний тасдиқ олинмади».

Салливаннинг сўзларига кўра, Байден Нетаняҳу билан мулоқот чоғида Исроилни қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган, аммо исроиллик ҳарбийлар уруш пайтида миллионга яқин қочқинлар келиб жйойлашган Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига бостириб кириши хато бўлишини қайд этган.

«Бу бегуноҳ тинч аҳоли вакиллари орасида янада кўпроқ қурбонларга олиб келган ва шусиз ҳам оғир гуманитар вазиятни янада чуқурлаштирган, Ғазодаги анархияни кучайтирган ва Исроилни халқаро майдонда янада яккалантирган бўларди», — деган у журналистларга.

Салливан шунингдек Байден мулоқот чоғида Нетаняҳуга Ғазода «аниқ стратегик мақсад» зарурлиги ҳақида гапирганини айтган.

«Президент бош вазирга яна бир бор айтдики, биз ҲАМАСни тўлиқ тор-мор этиш мақсадига қўшиламиз, аммо бунинг учун изчил ва барқарор стратегия зарур деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилган Салливан.