Лабитнанги суди Алексей Навалний онасининг ҳибсда вафот этган мухолифатчига нотўғри тиббий ёрдам кўрсатгани учун колония ва Федерал жазони ижро этиш хизматига қарши маъмурий даъвосини рад этди. Бу ҳақда 21 март, пайшанба куни Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси директори Иван Жданов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, суд «бундай даъвода фақат Алексей Навалний даъвогар бўлиши мумкин» ва «Людмила Ивановнанинг ҳуқуқлари бузилмаган» деб жавоб берган.
Жданов Telegram’да Людмила Навалнаянинг даъво аризасида «унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларидан қайси бири жавобгарлар томонидан бузилгани кўрсатилмаган» дейилган суд хати сканеридан парчани эълон қилди. «Бундай шароитда маъмурий иш юритиш тугатилиши мумкин», дейилади жавобда.
«Алексей колонияларга тиббий ёрдам кўрсатилмагани учун кўп марта даъво аризаси билан чиққан. Даъволар рад этилган, - деб эслатди Жданов. - Энди у ўлдирилди, даъво эса қариндошларига истеҳзоли изоҳлар билан рад этилмоқда».
Март ойи бошида Ковров шаҳар суди Владимир вилоятининг Мелехово қишлоғидаги колонияга нисбатан ўша ерда жазони ўтаган Алексей Навалнийнинг ўлими билан боғлиқ даъволар бўйича ишни тўхтатди.
















