Ўзбекистон | 14:16 / 23.03.2024
12154
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳам қайғуда. Россия элчихонасига таъзия гуллари олиб келинмоқда

Фото: Пул N3 / Telegram

Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига Москвадаги теракт қурбонлари хотираси учун гуллар олиб келинмоқда. Элчихона олдига одамларнинг таъзия гуллари олиб келиши ярим кечадан бошланган.

“Шу соатларда қурбонлар ва жабрланувчиларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдириш учун элчихонага келган ва келишда давом этаётган барча ўзбекистонликларга миннатдорчилик билдирамиз”, – дея қайд этди элчихона.

Фото: Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси

Сўнгги маълумотларга кўра, Москва яқинидаги “Крокус сити ҳолл” мажмуасида рўй берган теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 93 нафарга етган. Улардан камида 3 нафари – болалар.

Яна юздан ортиқ киши жароҳатланган. Москваликлар Гаврилов номидаги қон марказига бориб, уларга донор бўлиш учун қон топширмоқда. Марказда ихтиёрий донорлар навбати юзага келган. РФ Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу ерда қон қабул қилиш бошланганидан кейин бир соат ичида 600 дан ортиқ донор қон топширган.

Москва мери Сергей Собянин теракт жабрланганларига 500 мингдан 3 млн рублгача компенсация берилишини маълум қилди.

“Москва москваликлар ва норезидентларга молиявий кўмак беради. Москва вилояти ҳокимияти ҳудуднинг жабрланган аҳолисига молиявий ёрдам кўрсатади. Биз вилоят расмийлари билан биргаликда теракт қурбонларининг дафн маросими ўз зиммамизга оламиз”, – деган Москва мери Сергей Собянин.

Аввалроқ Федерал хавфсизлик хизмати теракт иши бўйича 11 киши қўлга олинганини маълум қилганди.

Мавзуга оид