Нега терроризм сиёсатнинг инструменти бўлиб қолди?
Собиқ совет иттифоқи қулаб, дунёда бир қутблилик юзага келган пайтдан бошлаб, диверсия деб атаб келинган ҳуружлар ўрнини терактлар эгаллади. Сўнгги ўн йилликларда вақти-вақти билан рўй бериб турган қонли хунрезликлар у ёки бу сиёсий қарорларни легитимлаштириш воситаларидан бирига айланиб қолди.
“Терроризм”, “террорчилик акти”, “теракт” каби атамалар асосан кейинги уч ўн йилликда, яъни собиқ СССР қулаганидан кейин ишлатила бошлади. Унга қадар ҳам террорчилик амалиётлари бўлган, лекин дунёда совуқ уруш кечаётган ўша даврда, томонлар асосан “диверсия” деган атамани ишлатишар эди. “Терроризм” атамаси деярли ишлатилмас эди.
Диверсия – лотин тилидан олинган бўлиб, “оғиштириш”, “чалғитиш” деган маъноларни беради. Таърифга кўра, оппонент тарафнинг имкониятларини ёки режаларини издан чиқариш, чалғитиш, манипуляция қилиш учун амалга ошириладиган махсус амалиётга айтилади. Совуқ уруш даврида, дунёда икки қутб ва унинг тарафдорлари бўлгани учун ҳар қандай теракт нариги томоннинг диверсияси сифатида кўрилган.
Бироқ, биполяр тизим тугагач, дунё тартиботи ўзгарди, ғарб тимсолида марказлашди ва яқин ўтмишда “диверсия” деб аталадиган ишларга, маънавий ва эмоционал сўз – “террор” деган атама қўлланила бошлади.
Улар орасидаги асосий фарқлардан бири – “диверсия”да зиддиятдаги томонлар кўплиги ва уларнинг кучлар нисбати яқинроқ экани тан олинади, “террор” атамаси билан эса конструктив кўпчилик ва деструктив камчиликка ишора қилинади.
Терактлар – сиёсий ўзгаришлар воситаси
Кейинги ўн йилликларда, террорчилик амалиёти – дунё сиёсати ва давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатини энг кучли ўзгартирадиган воситалардан бирига айланди. 1999 йил 16 февраль портлашлари, АҚШдаги 2001 йил 11 сентябр воқеалари, 2004 йил мартидаги Испания теракти, Россиянинг ўзидаги кўплаб терактлар шулар жумласидан.
Терактлар – катта сиёсий восита сифатида кўрилади. Ўзгаришларни шартлайди ва легитимлаштиради. Чунки терактлар кутилмаганда юз беради, энг заиф қатламни нишонга олади, бегуноҳ инсонлар қурбон бўлади. Натижада кенг жамоатчиликни катта шокка солади.
Мана шу эмоционал фонда сиёсий қарорларга асос яратилади. Янги сиёсий консенсус пайдо бўлади: “келинглар, ўлим жазосини тиклаймиз”, “келинглар, мигрантларни киритмаймиз”, “келинглар, мана шу дин ёки миллат вакилларини таъқиб қиламиз”...
Терактлар, давлат ва жамиятдаги жабр-зулм даражасини оширади. Ҳаттоки демократик давлатлар ҳам, катта терактлардан кейин, авторитаризмга оғишади. Чунки, терактлардан кейин жамиятда нафрат индекси жуда юқорилайди, ва бу нафрат, одатда, “бошқалар”, “улар” томон йўналтирилади. Ва шу фонда, давлат ўзининг ички ёки ташқи оппонентлари билан кураш, уруш очади, ва янги сиёсий курсни легитимлаштириб олади.
Терактлар авторитар давлатларда яширинча ёки ошкора мухолифат фойдасига ишлаши мумкин. Ёки, легитимлиги сўниб бораётган ҳукуматлар, ижтимоий фикрни бошқа ўзанга буриш мақсадида, терактлардан фойдаланиши мумкин. Ёки, АҚШ мисолида терактлар Афғонистон ва Ироққа бостириб киришни асослаганини кузатиш мумкин.
Терактлар баъзан урушлардан ҳам кўра кучлироқ воситага айланди. Урушлар қиммат туради, чўзилиб кетади, одамлар ҳатто кунора катта вайронгарчиликлар бўлишига ҳам ўрганиб қолади, лекин терактлар ундай эмас, ҳар сафар одамларни даҳшатга солади. Кейинги 8-10 йилда терактлар сони ва салмоғи камайгандек эди, лекин бу сиёсий инструмент яна саҳнага қайтмоқда.
Кремлнинг терактга муносабати
Россия кейинги 15-20 йилда янги геомафкуравий қутб шакллантирди. Унга кўра, Россиянинг энг асосий оппоненти – ғарб (АҚШ) ва унинг тарафдорлари. 22 мартда Москвада юз берган теракт ИШИД томонидан уюштирилгани Россияда шаклланган картинага унчалик тўғри келмади ва Кремл мана шу шакллантирилган геомафкурадан келиб чиқиб, ўз версиясини тузмоқда.
Москвада теракт бўлгач, Кремл ташаббусни ўз қўлга олди ва реалликни ўз геомафкурасига кўра талқин қилмоқда, сценарийни бошқа ўзанга бурмоқда, ўзгартирмоқда. Аввало, 22 март терактларини асли тожикистонлик фуқаролар уюштирганига шубҳа билдирувчи фикрлар жуда кўп бўлмоқда. Қолаверса, ҳеч қандай инкор этиб бўлмас асослар, далиллар келтирмаган ҳолда, расмий Москва бу терактларни Украина, АҚШ, Англия билан расман боғлади. Бу версия – Россияда шаклланган геомафкуравий картинага мос келади, лекин, ҳозирча бу версияни исботлайдиган далиллар тақдим қилингани йўқ.
Шунингдек, охирги пайтларда анча фаоллиги сусайиб қолган ИШИД, кутилмаганда, шу қадар даҳшатли теракт амалга ошира оладими, бунга қанақа мотив бор эди, нега Россия хавфсизлик тизими бунинг олдини ололмади деган саволларга жавоб ҳозирча йўқ.
Москвадаги теракт атрофида шубҳа ва гумонлар, жиддий саволлар тўпланиб бормоқда. Бу терактларнинг оқибати эса, ҳимоясиз мигрантларга, жумладан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам салбий бўлмоқда.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024