Москвадаги терактдан кейин бу воқеа Россия ва унинг атрофидаги давлатлар учун узоқ истиқболда қандай оқибатлар яратиши асосий масала бўлиб қолмоқда. Буни таҳлил қилиш учун дунё ва Ўзбекистон тарихидаги энг йирик икки теракт ва уларнинг тарихий оқибатларига назар солиш ўринли бўлади.

Яқинда Москвадаги Крокус Сити Ҳоллда юз берган мудҳиш жиноятдан кейин терактлар мавзуси яна долзарб бўлиб қолди. Ўтган ўн йилликларда терактлар ҳақида айтилмаган фикрнинг ўзи қолмади ҳисоб. Лекин терактларнинг узоқ муддатли оқибатлари қандай бўлди ёки бўляпти, бу терактлардан давлатлар ва жамиятларга қандай оқибатлар қоляпти, деган савол жуда ўринли. Бу саволга жавоб бериш учун кейинги ўн йилликларда юз берган уч давлатдаги йирик терактларни олиб, таҳлил қилиш фойдали бўлади.

Янги, 21-аср АҚШда 2001 йилнинг 11 сентябрида юз берган терактлар билан бошланди. Айнан мана шу теракт АҚШ ва дунё сиёсатини кескин ўзгартириб юборди. Ҳалига қадар бу теракт борасида кўплаб жавобсиз қолаётган саволлар бор. Ҳозир “буни ким, нима мақсадда қилди?” деган саволга жавоб изламаймиз. Бу терактлар узоқ муддатда АҚШга ва бошқаларга қандай оқибатлар олиб келди, деган саволга жавоб излаймиз.

11 сентябрдан кейин АҚШ Афғонистонга ва Ироққа бостириб кирди. Афғонистонда 20 йил уруш олиб борди. Ироқдан эса, Обама даврида шошилинч чиқиб кетди. Натижада, шу икки уруш учун, ҳар хил ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ жами тахминан 2-3 триллион доллар сарфлади. Бир неча минглаб аскарлари ҳалок бўлди. Лекин на Афғонистонда ва на Ироқда ўз олдига қўйган мақсадларига эриша олмади. Афғонистон ҳокимиятига толиблар қайтди. Ироқда Саддам Ҳусайн йиқилиши билан АҚШнинг асосий минтақавий оппоненти бўлмиш Эрон кучайиб кетди.

Қолаверса, айнан 11 сентябрдан кейин АҚШ ички ва ташқи сиёсатида исломофобия кучайиб кетди. АҚШнинг Яқин Шарқдаги анъанавий араб иттифоқчилари расмий Вашингтондан қўрқиб қолишди. Саудия Арабистони, Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар ва бошқа давлатлар Вашингтондан масофа сақлаб, янги геосиёсий қутб излай бошлашди. Бугун, орадан сал кам 23 йил ўтиб, дунёда янги геосиёсий реаллик шаклланмоқда. АҚШ бошчилигидаги геосиёсий қутбга қарши бўлган қутбни “Глобал жануб” деб номлаш урф бўлган ва мана шу “Глобал жануб”да араб давлатлари, жумладан, Саудия Арабистони, Араб Амирликлари ва бошқа араб давлатлари ҳам иштирок этмоқда.

Қисқа муддатда 11 сентябр АҚШ манфаатларига хизмат қилгандек кўринади, лекин узоқ муддатли вазиятга қаралса, 11 сентябр АҚШ учун қимматга тушди.

Хўш, 11 сентябр Саудия Арабистони давлати ва халқи учун қандай оқибатларга олиб келди? Чунки 11 сентябрда иштирок этган 19 кишидан 15 таси саудиялик экани айтилган эди. 11 сентябрдан кейин ташқи дунёнинг Саудия Арабистонига босими ниҳоятда кучли бўлди. Унга қадар Саудия Арабистони дунёдаги энг катта даъват тизимининг ҳомийси эди, ташқи дунёда янги масжидлар ва исломий марказларга эмин-эркин ҳомийлик қилар эди. Саудия ички ва ташқи сиёсатида исломий консерватизм – асосий сиёсий курс эди. 11 сентябр терактларидан кейин Саудия бу векторни демонтаж қилишга мажбур бўлди. Балки ички сиёсатда ҳам исломий фаоллик билан курашишга, дунёвийликни мажбурлашга, аҳолини исломий фаолликдан тийишга мажбур бўлди. Бошқача қилиб айтганда, агар маълум радикал диний гуруҳлар бу терактлар “исломий сиёсатга йўл очади” деб ўйлаган бўлса, оқибатлари мутлақ ва фақат тескари бўлди.