25 март куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Наманган вилоятидаги эҳсонга Фарғона ва Андижон вилояти нуронийлари ҳам ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.
– Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.


Президент бу ишларга ҳисса қўшаётган иймон-диёнатли, саховатли юртдошларимизга ташаккур айтди.
Кейинги йилларда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимизга ҳам муносабат ўзгарди. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, уларни Ватанимизга қайтариш, иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш, оила аъзолари ва фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Яқинда 40 дан зиёд уламолар Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Мисрга сафарга юборилди. У ерлардаги ватандошларимизни дин-у диёнатга даъват этиш билан бирга, ҳозирги таҳликали вазиятда огоҳ бўлиб, қонунларни ҳурмат қилиш, ёмон йўлларга кирмаслик зарурлиги ҳақида суҳбатлар қилишди.

Давлатимиз раҳбари чет элдаги юртдошларимизни ҳам улуғ айём билан табриклаб, уларга соғлиқ-омонлик ва омад тилади.
Маълумки, янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган муҳим қоида белгилаб қўйилган. Шу асосда мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий ҳимоя тизими шаклланмоқда. Бу тизим биринчи навбатда эҳтиёжманд кишиларга, жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим қолган, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган.



















