БМТ Халқаро суди 28 март, пайшанба куни Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши даъвоси бўйича бир қатор қўшимча вақтинчалик чоралар ҳақида қарор чиқарди ҳамда Исроил армиясидан Ғазода фаластинликларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликни талаб қилди.
«Суд Исроилдан ўз қуролли кучлари Ғазо секторидаги фаластинликларнинг ҳуқуқларини бузувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслигини, шу жумладан, шошилинч инсонпарварлик ёрдамини етказишга халақит бермаслигини зудлик билан таъминлашни талаб қилади», дейилади суд матбуот релизида.
Бундан ташқари, суд Исроилни кечиктириб бўлмас асосий хизматлар ва гуманитар ёрдамни узлуксиз таъминлаш учун барча чораларни кўришга чақирди. Суд қарорига кўра, Исроил Ғазодаги турар жой секторини ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.
Суд қарори билан қабул қилинган янги вақтинчалик чоралар 26 январдаги қарорда кўзда тутилганларга қўшимча ҳисобланади. Ўшанда суд Исроилга Ғазо секторидаги фаластинликларни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришни буюрганди. Ҳаага суди, шунингдек, Исроилга БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенциясига тааллуқли бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишни, Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо секторида геноцид ҳаракатларини содир этмаслигини таъминлашни буюрган.
Шунга қарамай, биринчи қарор чиққан 26 январдан кейин Ғазодаги фаластинликларнинг яшаш шароити фақат ёмонлашган.
Ғазода очарчилик бошланган
БМТ судининг навбатдаги қарори Ғазо секторида очарчилик ёйилаётган бир вақтда янграмоқда.
Жаҳон озиқ-овқат дастури ва бошқа ташкилотлар ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботга кўра, Ғазода фалокатли вазият ривожланиб боряпти. Хусусан, секторнинг 2,2 миллион аҳолиси “озиқ-овқат етишмовчилигининг ўткир даражасини бошдан кечирмоқда”. Май ойи охиригача Ғазо шимолида очарчилик авж олиши кутиляпти.
Халқаро суд қарорида таъкидланишича, ғазоликлар эндиликда “ортиқ очарчилик хавфи билан юзлашаётгани йўқ”, балки у ерда “очарчилик аллақачон бошланган”. БМТ кузатувчиларига кўра, секторда 31 киши, хусусан 27 нафар бола аллақачон озиқ-овқат етишмовчилигидан вафот этган.

















