БАВАРИЯ – БОРУССИЯ ДОРТМУНД (30 март, 22:30)

«Агар поездга кеч қолсанг, неча соатга улгурмаганинг муҳим эмас» ибораси футболга жуда мос, айниқса, ушбу мавсумдаги «Бавария»га. Мюнхенликлар Европада энг кўп танқид қилинаётган топ-клублардан бири бўлиб турибди, ҳатто бу босимга мураббий ҳам дош бера олмай, ёзда жамоани тарк этишини билдирди. Аслида қарасак, жамоа Чемпионлар Лигаси чоракфиналига чиқди. Бундеслигада-чи? Бир қизиқ факт, ҳозирда «Бавария» 78 имкониятдан 60 очко тўплаган, яъни умумий очконинг 77 фоизини. Бу кўрсаткичдан пастроқ натижа билан «Бавария» охирги уч йилда мамлакат чемпиони бўлди, ҳозир эса пешқадамдан 10 очко орқада. Яъни бу сафар поезд бироз тезроқ юраётгани, Бундеслигадаги ҳолат аслида «Бавария»нинг муваффақиятсизлигидан ҳам кўра, «Байер»нинг ҳаддан ташқари яхши натижа қайд этаётгани билан боғлаш тўғрироқ бўлар?

Нима бўлгандаям, «Бавария»нинг ушбу турдаги «Боруссия»га қарши ўйини аҳамиятли, ахир Дер-Классикер, биринчидан, иккинчидан эса «Бавария» ҳар қандай ҳолатда ҳам темпни туширмасдан ўз очколарини йиғишда давом этиши керак. Ким билади, балким сўнгги турда ўтган мавсумдаги каби йўқ жойдан совға тушиб қолар? Ўйин «Боруссия» учун ҳам жуда муҳим. Дортмундликлар 50 очко билан ҳозирда 4-ўринда боришмоқда, аммо бешинчи поғонадаги «Лейпциг»да 49 очко бор. Немислар якунда Чемпионлар Лигасига 5 йўлланмани ҳам қўлга киритишлари мумкин, аммо бу ҳали аниқ эмас, йўлланма учун курашда кучли тўртликка кириш энг хавфсизи. Кейинги турда «Боруссия» ўз майдонида учинчи ўринда бораётган «Штутгарт»ни қабул қилади. Мана шу икки ўйинда имкон қадар очко йўқотмаслик Терзич шогирдларига мавсумнинг сўнгги қисмида ишончли тўп суришга шароит тақдим этади. «Боруссия»ни ўн кундан кейин Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Атлетико» билан ўйин ҳам кутиб турганини унутмаслик керак.

Ўзаро ўйинларга қаралса, Бундеслига доирасида «Боруссия» рақиби устидан охирги марта 2018 йилда, барча мусобақаларни инобатда олсак, 2019 йилда мағлубиятга учратган. Кейин бўлиб ўтган 11 учрашувнинг 10 тасида мюнхенликларнинг қўли баланд келди, жумладан, биринчи даврада Дортмундда бўлган ўйинда меҳмонлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Жароҳатларга тўхталадиган бўлсак, мезбонларга Сарр, Павлович, Геррейру, Бойе, ҳамда Нойерлар ёрдам бера олишмайди. «Боруссия» сафида Кобел ва Аллерда жароҳат бор. Шунингдек, «Бавария»нинг собиқ яримҳимоячиси Марсел Забицер «Вердер» билан ўйинда қизил карточка олганди. У ҳам дисквалификация туфайли собиқ жамоасига қарши майдонга туша олмайди.  

ЛИВЕРПУЛ – БРАЙТОН (31 март, 18:00)

Шу кунларда «Байер» бош мураббийи Хаби Алонсонинг Леверкузенда қолиши сабабли «Ливерпул» ўз эътиборини бошқа мураббийларга қаратиши ҳақида ишончли манбалардан хабарлар чиқди. Ҳозирда «Спортинг»ни бошқараётган Рубен Аморим ҳамда «Брайтон» устози Роберто де Дзерби асосий даъвогар сифатида тилга олинишмоқда, табиийки, мана шу фонда де Дзербининг «Энфилд»даги имтиҳони жуда қизиқарли бўлади.