Shot Telegram-каналига кўра, қўлга олинган эркак 24 ёшда, у Тожикистондан келган, бироқ Москванинг Голяново туманида вақтинчалик рўйхатдан ўтган. «Ишламайди, уйланмаган, фарзандлари йўқ, илгари судланган», - дейилади постда. Ўз навбатида, «Известия» нашри Лутфуллойи 23 март куни «Крокус»даги терактнинг эртасига концерт ўтказиладиган жой яқинида полиция ходимлари томонидан ҳужжатларни текшираётганда қўлга олинганини даъво қилмоқда. «Полициянинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талабига жавобан у беҳаё сўзларни ишлата бошлади ва ўзини беадаб тута бошлади», деб ёзади газета. 25 март куни Москванинг Преображенский суди унга нисбатан майда безорилик ва ҳокимият вакилининг қонуний талабига бўйсунмаслик моддаси бўйича маъмурий жазо тайинлади.

Криптобиржа офисида тинтувлар ўтказилди. Telegram-каналлар буни теракт иши билан боғлаяпти

29 март куни тушдан кейин хавфсизлик кучлари Москва-ситидаги «Федерация» минорасидаги Brebit криптобиржаси офисига тинтувлар билан келди, деб ёзган Shot ва Baza Telegram-каналлари, шунингдек, ТАСС. Mash ABCeX биржаси офисида тинтув ўтказилгани ҳақида ҳам хабар берди. 

Каналлар хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини «Крокус»даги теракт билан боғлаяпти, бироқ Brebit буни рад этди. «Афсуски, баъзи ахборот каналлари «Крокус»даги даҳшатли воқеалар фонида бизнинг платформамиз билан боғлиқ воқеаларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган салбий хабарларни тарқатаётганини таъкидламоқчимиз», дейилади унинг Telegram-каналида эълон қилинган постда.