Дунё бўйлаб инқирозли ҳудудларга озиқ-овқат етказиб берувчи World Central Kitchen (WCK) нодавлат ташкилоти 5 апрел, жума куни Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ғазо секторида гуманитар ёрдам юк машиналари карвонига ҳужум қилиши оқибатида етти нафар ходимининг ўлими юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди.
«Исроил Мудофаа армияси Ғазо секторидаги ўз хатоси юзасидан ишончли текширув ўтказа олмайди», - дейилади WCK’нинг ташкилот веб-сайтидаги баёнотида.
«ЦАҲАЛ Ғазо секторидаги юк машиналаримиз карвонига қилинган ҳалокатли ҳужумдаги масъулиятни ва ўз хатоларини тан олди. Шунингдек, қўмондонларга нисбатан интизомий чоралар кўрди ва бошқа ислоҳотларга содиқлигини кўрсатди. Булар олдинга бўлган муҳим қадамлардир, - деди ташкилот. - Бироқ дастлабки тергов шуни кўрсатадики, ЦАҲАЛ ўз протоколлари, субординация ва жанговар ҳаракатлар қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда ҳалокатли куч қўллаган. ЦАҲАЛ бизнинг гуруҳларимиз барча тегишли алоқа тартиб-қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳаракатланганини тан олди. ЦАҲАЛ томонидан олинган видеоёзувда қуроли бўлмаган ва ҳеч қандай хавф туғдирмаган шахсий таркибимизга қарата ўқ узиш учун бирон сабаб кўрсатилмаган».
«Тизимли ўзгаришларсиз ҳарбий хатолар, узр сўраш ва оилаларда қайғу кўпаяди», - дея ишонч билдирди ННТ вакиллари.
WCK Ғазо сектори тинч аҳолиси учун гуманитар ёрдам олиб кетаётган карвонга асоссиз ракета ҳужумига дастлабки сабаб сифатида, у ерда озиқ-овқатнинг фалокатли тақчиллигини келтирди. «Исроил инсонпарварлик ёрдамини қўллаб-қувватлашга жиддий қараса, қуруқлик орқали ташиладиган озиқ-овқат ва дори-дармонлар ҳажмини кескин ошириши керак», - дейилади ташкилот баёнотида.
ЦАҲАЛнинг Ғазо секторида гуманитар ёрдам карвонига зарбаси
WCK маълумотларига кўра, ЦАҲАЛ қўшинлари Ғазо сектори марказидаги Дайр ал-Балахдан жанубда уларнинг карвонига зарба берганида ташкилот етти нафар аъзоси ҳалок бўлган. Автомобиллар денгиз орқали Ғазо секторига олиб келинган 100 тонналик инсонпарварлик ёрдамини жойига етказгандан сўнг қайтиб кетаётган эди. Шу билан бирга, WCK колонна ҳаракати Исроил ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилганини таъкидлади.
Ҳалок бўлганлар орасида Австралия, Полша ва Британия фуқаролари, шунингдек, АҚШ ва Канада фуқаролигига эга бўлган бир эркак ва бир фаластинлик бор. Ушбу фожиадан сўнг ташкилот кейинги қарор қабул қилинмагунча минтақадаги фаолиятини дарҳол тўхтатишини билдирди.
Исроил президенти Ицхак Герцог 2 апрел куни Исроил Мудофаа армиясининг қасддан бўлмаган ҳужуми натижасида WCK етти нафар ходими фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва воқеа атрофлича ўрганилишига ваъда берди.

















