Жаҳон | 13:05 / 10.04.2024
3132
4 дақиқада ўқилади

Россияда 50 дан ортиқ кишига «ФБК» билан алоқаси бўйича жиноий иш очилди

ОАВда «ФБК» билан алоқадорлик учун 53 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот эълон қилинди. Бироқ, аслида таъқибга учраганлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, деб ёзади «Холод». 

Фото: picture-alliance/AP Photo/P. Golovkin

«Холод» журналистларининг ҳисоб-китобларига кўра, Россияда «экстремистик ҳамжамият» деб тан олинган ва 2021 йилда тугатилган Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси («ФБК») билан алоқалар бўйича очилган жиноий ишлар доирасида ҳозиргача камида 53 нафар айбланувчига айблов эълон қилинган. Нашрнинг 9 апрел, сешанба куни ёзганидек, бу фақат оммавий ахборот воситаларида маълумотлар эълон қилинган ҳолатлар, бироқ ҳақиқатда бундан ҳам кўпроқ киши таъқибга учраган бўлиши мумкин.

«Холод»нинг ҳисоб-китобларига кўра, «ФБК» экстремистик иши» бўйича 53 нафар айбланувчининг 18 нафари аллақачон судланган, 19 нафари қўлга олинишидан олдин хорижга чиқиб кетишга муваффақ бўлган: уларнинг деярли барчаси сиртдан ҳибсга олинган ва қидирувга берилган. Яна 16 нафар судланувчи ҳукм чиқарилишини кутмоқда (12 нафари тергов ҳибсхонасида, бири жойни тарк этмаслик тўғрисида тилхат ёзиб берган, яна бири озодликда, икки кишининг мақоми номаълум). Бундай ишларга алоқадор барча шахслар ҳақиқий қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, «Холод» таъкидлаганидек, улар орасида нафақат Алексей Навалнийнинг шериклари, балки «ижтимоий тармоқларда репост қилгани, қорга ёзув ёзгани ёки 200 рубл хайрия қилгани учун таъқибга учраган» оддий ва баъзан тасодифий одамлар ҳам бор.

Нашр ҳукм чиқариш бўйича статистик маълумотларни таҳлил қилиб, судлар «ФБК»ни молиялашда айбланганлар билан энг осон иш тутишини таъкидлайди - уларга одатда жарима солинади. Экстремистик фаолиятни ташкил этиш ва қатнашишда айбланган, ўз сафдошларига қарши ишда айбига иқрор бўлган ва айблов тарафини олган бир неча судланувчига шартли қамоқ жазоси тайинланган.

Айбланувчиларнинг аксарияти террорчи ва экстремист деб таснифланган

Элликдан ортиқ айбланувчиларнинг аксарияти террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритилган - шунинг учун уларнинг Россиядаги банк ҳисоблари блокланган.

Шу билан бирга, судланувчиларга «экстремистик» моддалардан ташқари, кўпинча вояга етмаганларни улар учун хавфли бўлиши мумкин бўлган фаолиятга жалб қилиш, фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларини бузувчи нотижорат ташкилоти фаолиятида иштирок этганлик учун айблов қўйилади.

SotaVision журналисти Антонина Фаворская (Кравцова) устидан бўлиб ўтган суд «ФБК» фаолиятида иштирок этишда гумон қилинганлар бўйича сўнгги шов-шувли ишлардан бири бўлди.

Адвокат, «Команда 29» ва «Первый отдел» инсон ҳуқуқлари лойиҳалари асосчиси Иван Павлов сўзларига кўра, жиноий ишларнинг асосий мақсади жамиятни қўрқитиш ва Навалнийнинг шерикларини қўллаб-қувватлашдан маҳрум қилишдир. «[Хавфсизлик кучларининг] вазифаси қўрқитишдир. Бунинг учун кўп одамларни панжара ортига ташлаш шарт эмас. Бир нечта, аммо сезиларли бўлганларни ҳукм қилиш кифоя. Мустақил ОАВ мақсадли аудиторияга маълумотларни етказади - шу тариқа, бу репрессиялар оммавий эканига ўхшаш самарага эришилади», - дея «Холод» унинг сўзларини келтиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид