Хошимин шаҳри суди ветнамлик 67 ёшли тадбиркор Труонг Ми Ланни 11 йил мобайнида мамлакатдаги энг йирик банклардан бирини талон-торож қилиб келгани учун ўлим жазосига ҳукм қилди.

Йирик Van Thinh Phat Group компанияси раҳбари Труонг Ми Лан — Ветнамда молиявий жиноятлар учун ўлим жазосига ҳукм қилинган кам сонли аёллардан биридир.

Фирибгарлик кўлами мисли кўрилмаган даражада деб ҳисобланмоқда. Труонг Ми Лан Saigon Commercial Bank’дан сохта аризалар билан 304 триллион донг (12,5 млрд доллар атрофида) кредит олишда айбдор деб топилди.

Аммо унинг ҳаракатлари туфайли етказилган жами зарар миқдори 27 млрд долларга баҳоланмоқда, айблов томони буни имконсиз деб ҳисобласа ҳам, суд ҳукми унга айнан шунча маблағни қайтариш мажбуриятини юклаган.

Айрим қарашларга кўра, суд босим ўтказиш ва ўғирланган маблағларнинг бир қисмини қайтаришга эришиш учун ҳам Труонгга ўлим ҳукми чиқарган.

Труонг Ми Лан айбига иқрор бўлмаган ва айбни ўз қўли остидагиларга юклаган. Унинг оила аъзоларидан бири Reuters агентлигига хабар беришича, у ҳукм устидан шикоят қилишни режалаштирмоқда.

Ветнам нашрлари жараён тафсилотларини батафсил ёритиб борди. Уларнинг маълумотига кўра, кўрсатма бериш учун 2700 киши чақирилган, ишда 10 нафар давлат прокурорлари ҳамда 200 нафар атрофидаги адвокатлар иштирок этган.

Далиллар жами оғирлиги 6 тоннани ташкил этган 104 та қутига жойланган. Труонг Ми Лан билан биргаликда яна 85 киши, жумладан, Ветнам Марказий банкининг собиқ ходимлари, ҳукумат амалдорлари ва SCB раҳбарлари судга тортилган, улар ҳукмни кутишмоқда. Хошиминдаги суд мажлисида 78 нафар айбланувчи иштирок этди, қолганлари қидирувда экани айтилган. 

Қутилардаги нақд пуллар

Айблов томонига кўра, ҳонгконглик бадавлат тадбиркорнинг рафиқаси (у ҳам терговга жалб этилган) бўлган Труонг Ми Лан 90 фоиз акциялари амалда ўзига тегишли бўлган SCB банкидан кредит аризаларини сохталаштириб, пул ўмарган. 

Полициянинг таъкидлашича, қимматли қоғозлар эгалари ва SCB омонатчилари фирибгарлик қурбонларига айланишган. Улар омонатлари бўйича фоиз ёки пулларини қайтариб ололмаган, Лан ҳибсга олинганидан буён уларга асосий қарз бўйича тўловлар амалга оширилмаган. 42 минг атрофидаги киши ушбу фирибгарликдан жабр кўрган.

Суд жараёни давомида прокурорлар ушбу аёлга тегишли бўлган мингдан ортиқ кўчмас мулк объектларини хатлашган.