Марказий Осиёда умумий хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи интеграция жараёнларини бошлаш учун тарихий масъулият – минтақа марказидаги Ўзбекистоннинг зиммасида, дейди сиёсий таҳлилчилар. Хўш, 90-йилларда бошланиб тўхтаб қолган жараёнга ҳозир нима тўсқинлик қиляпти?

Марказий Осиёдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий интеграция жараёнлари ва истиқболлари қай ҳолатда экани ҳақида Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Шуҳрат Расул, Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Марказий Осиёда интеграция билан боғлиқ ҳозирги вазият қай ҳолатда?

Шуҳрат Расул: — Постсовет ҳудудида Болтиқбўйи давлатлари Европа интеграциясига қўшилди, Кавказорти давлатлари ҳам ўз йўлини топди ёки изланишда. Марказий Осиё учун эса Россия томонидан Евросиё иқтисодий иттифоқи, Хитой томонидан Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти таклиф этиляпти. Учинчи вариант эса Марказий Осиё давлатларининг ўзининг бирлашуви.

Булар ичида энг заифи – ЕОИИ,бунки бу империячилик лойиҳаси. Россия хаспўшлаб чиройли кўрсатмоқчи бўлди, лекин охирги вақтларда ҳақиқий юзи кўриниб қоляпти. 2017 йилда Нурсултон Назарбоев бу лойиҳани чуқурлаштириш, хусусан ягона пул бирлиги ва ягона институтлар жорий этишга деганди. Айнан ўша йили президентимиз Шавкат Мирзиёев МО бўйича маслаҳат форматини очганди. Ҳозирга қадар жами 5 та маслаҳатлашув учрашувлари бўлиб ўтди.

Ойбек Сирожов: — Ўзи МОда интеграция борми, деган масалани қўйиш керак олдин. Менимча, МОда интеграция йўқ, интеграциядан олдинги жараёнлар бор, яъни кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши босқичидамиз.

Минтақавий интеграциянинг муҳим мезони – манфаатлар тенглиги, кучлар мувозанати, ўзаро ишонч масаласи устуворлик касб этиши. Юқорида айтилган лойиҳалардан бирида Россия манфаати, бирида Хитой манфаати устувор ва булар МО интеграцияси учун платформа бўлолмайди.

Ҳозирда МО маслаҳатлашув учрашувлари – бугун минтақа давлатларини бирлаштирган ягона сиёсий формат. МО интеграциясига интилиш 90-йилларда бошланганди, Марказий Осиё Иқтисодий Ҳамжамияти, Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилоти кабилар бўлганди. Буларнинг ҳаммаси Россия аралашуви билан интеграцион аҳамиятини йўқотиб боряпти.