Биологик фаол қўшимчалар дори эмас
Биологик фаол қўшимчалар минераллар, витаминлар, озуқавий толалар, ўсимлик экстрактлари, тўйинмаган ёғли кислоталар, аминокислоталар ва бошқаларни ўз ичига олган табиий комплекслардир. Улар овқатланишдаги камчиликларни бартараф этиб, соғлом моддалар ўзлаштирилишини кучайтиради ва тананинг ички қувватини яхшилаб, кўплаб касалликлар хавфини камайтиради. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассислари БФҚда фармакологик ва ножўя таъсирнинг йўқлиги ва улар дори воситаси ҳисобланмаслигини маълум қилган.
Нутрициолог Гули Шайховага кўра, экология ёмонлашиб бораётган пайтда бутун дунёда БФҚларга эҳтиёж тобора ортяпти. “Овқат билан бирга истеъмол қилинадиган биологик фаол моддалар маълум бир мақсад билан истеъмол қилинади. Масалан, организмда микроэлементлар, нутиентлар, минерал моддалар, оқсиллар билан боғлиқ танқислик ҳолатлари бўлади. Мана шу танқисликни йўқотиш учун биологик фаол моддалар истеъмол қилинади”, – деди мутахассис.
БФҚ зарарсизми?
Гули Шайхова аҳолига биологик фаол моддаларни истеъмол қилишга тақиқ қўйилмагани, экологик ҳолатнинг ёмонлашуви, овқатланишнинг бузилиши сабаб юзага келадиган турли хил алиментар касалликларнинг (овқат ёки овқат билан боғлиқ касалликлар) олдини олишда БФҚдан фойдаланиш мумкинлигини айтади.
“Минерал моддалар етишмаслиги натижасида алиментар касалликлар келиб чиқади: камқонлик, йод танқислиги, семизлик ҳолатлари, суяклар мўрт бўлиб қолиши, катталарда остеопороз, остеомаляция касалликлари. Буларнинг ҳаммаси озиқ-овқат моддалари билан, нутриентлар билан боғлиқ”, – дейди у.
Шифокор, шунингдек, ҳар бир БФҚ истеъмолидан олдин унинг таркиби, қаерда ишлаб чиқарилганига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. “Ҳар бир инсон биологик фаол қўшимчани истеъмол қилмоқчи экан, унинг таркибини билиши керак. Қайси ўтлардан, ўсимликлардан ёки ҳайвонлардан, балиқ маҳсулотларидан олинган — шуларни билиши керак. Бизда пребиотиклар бор, жуда кўп ишлаб чиқарилади, улар организм учун жуда фойдали”, – деди Гули Шайхова.
“Шифокор билан маслаҳатлашиш керак”
ЖССТ тавсиясига кўра, ҳар бир инсон кунига 400 грамм витамин ва минераллари бўлган хом ҳолатдаги сабзавот ва ҳўл меваларни истеъмол қилиши керак. Гули Шайхова ЖССТ тавсиясига амал қилишга вақт ёки кундалик юмушлар халақит бериши мумкинлигини айтиб, айнан шунинг учун ҳам БФҚга эҳтиёж сезилади, дейди.








