Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган режаларни ишлаб чиқди. Бу режалар қаторига киритилган, Солиқ қўмитасига қўшимча ваколатлар бериш ҳақидаги нормалар жамоатчилик эътирозларига сабаб бўляпти. Тегишли қарор лойиҳаси танқидлардан кейин очиқ муҳокамага қўйиладиган бўлди.

Kun.uz бу лойиҳанинг аксарият бандларига қарши чиққан Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари – солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва тадбиркор Фахриддин Илёсов билан суҳбатлашиб, эътирозлар нимадан иборат бўлаётганига қизиқди.

Ҳужжат лойиҳасида қатъий белгиланган айланмадан олинадиган солиқ бекор қилиниши таклиф қилиняпти, бу борада фикрингиз қандай?

Мурод Муҳаммаджонов: — Қатъий белгиланган айланмадан олинган солиқ яхши жорий қилинди. Бизнесга кира олмайдиган, бизнес қилишга қўрқадиган одамларни расмий бизнесга олиб кира оладиган яхши майдон бўлди. Бунда кўпчилик ишлаб кетди, қўрқиб кетишди шекилли, энди бекор қилишмоқчи. Солиқ органларининг ўзи бошида бу яхши ислоҳот эканини исботлаш учун тадбиркорларни зўрлаб бўлса ҳам қатъий белгиланган АОСга ўтказишди. Бизга бу борада жуда кўп мурожаатлар келарди. Бу балки нотўғридир, лекин бизнес қилишда оқ бизнесга кираман дейдиганлар учун бу яхши майдон бўлди. Кўпчилик ҳужжат қилишим шарт эмас экан деди-да, фирма очиб солиғини тўлаб, қонуний ишлашга ўтди. Энди иккинчи қадам уларга бухгалтерия билан ишлашни ўргатиш эди.

Бу нарсага Президент ҳузуридаги кенгашда кўп эътирозлар бўлди. Бу солиқ тури қолиши керак, у қора бозордан оқ бозорга ўтиш учун кўприк эди. Уни бекор қилиш шу кўприкни олиб ташлаш билан тенг.

Лойиҳадаги баҳсли нормалардан бири ҚҚС суммасини қайтариш муддатини 60 кундан 75 кунга узайтириш билан боғлиқ. Айни пайтда қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаб бериш муддатини узайтириш яширин иқтисодиётни қисқартиришда қандай рол ўйнаши борасида савол туғиляпти. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Солиқ қўмитаси ўша кунги йиғилишда бу норма қайси аргумент билан қўллаб-қувватлади?

Фахриддин Илёсов: — Текшириш муддатини узайтиришмоқчи экан, 60 кунда қўшимча қиймат солиғини қайтиши учун талаб қилинадиган ҳужжатларининг асослилигини текшириб тугатолмай, 75 кунда текшириб тугатаркан. Ҳеч қанақа мантиқ бўлмаса керак бунда.