Роппа-роса 10 йил муқаддам Украинанинг Донецк ва Луҳанск областларининг бир қисмида «ДХР ва ЛХР мустақиллигини эълон қилиш бўйича референдумлар» ўтказилганди. Жараён қонуний кечмаган, «халқ республикалари» мустақиллигини 2022 йилга қадар БМТ аъзоси бўлган бирор давлат тан олмаганди. Шунга қарамай, референдумлар Украина шарқидаги қуролли можаро ривожида муҳим босқич бўлади. Икки ой ўтиб ДХР назоратидаги ҳудуддан учирилган ракета Малайзиянинг Boeing самолётини уриб туширади. Кейинроқ Россиянинг кенг кўламли босқинига уланиб кетган саккиз йиллик ҳарбий ҳаракатлар давомида минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмади. BBC Донбассдаги норозилик тўлқинлари ва ҳарбий қарама-қаршиликларнинг илк ойларини фотосуратлар орқали ҳикоя қилди.

Украина хавфсизлик хизматининг Луҳанскдаги биноси олдидаги оломон

2014 йилда Украина шарқидаги регионларда вазият издан чиқади ва тартибсизликлар бошланади. Президент Виктор Януковичнинг тарафдорлари йиғиладиган «антимайданлар» Россиядан келган одамлар ва пуллар билан мустаҳкамлана бошлайди. Кейинроқ, «халқ инқилоби» ниқоби остида Донецк ва Луҳанск областларининг бир қисми Киевдаги ҳокимиятга бўйсунишни тўхтатади.

Қрим «яшил одамчалар» томонидан аннексия қилингач — Кремл яриморол россиялик ҳарбийлар томонидан эгалланганини дарҳол тан олмаган — Украина шарқи ва жанубидаги йирик шаҳарларда маҳаллий «антимайданлар»даги намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетади.

Донецк, Луҳанск, Харкив ва Одессани норозилик намойишлари тўлқини қамраб олади. Намойишлар тезда рус символикалари ва россияпараст шиорлар билан тўлиб кетади. Кейинроқ ушбу намойишлар иштирокчилари ва ташкилотчилари Россия уларни пул ва одамлар билан қўллаб-қувватлаганини эслашган.

Донецкдаги област прокуратураси биносидаги оломон

Тажовузкорлик даражаси ўсиб боради, Қрим эгаллаб олиниши ва у ерда ўтказилган «референдум»дан карахт ҳолатга тушган украин ҳукумати эса кўп ҳолатларда «антимайдан»ларга қарши қуролланмаган полициячилар отрядларини юборишдан бошқа чора топа олмайди.

Бир неча ҳолатларда намойишчилар милиция бошқармаси (Украина миллий полицияси 2015 йилда ташкил топган) ва прокуратура биноларини вайрон қилади, ҳудудий маъмуриятлар биноларидаги украин байроқларини олиб ташлайди.