Жаҳон | 07:42 / 15.05.2024
6263
3 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги бош кадрчиси иши бўйича иккинчи айбланувчи ҳибсга олинди

Москванинг Басманний суди тадбиркор Лев Мартиросянни аввалроқ генерал Юрий Кузнецов қамоққа олинган коррупция иши бўйича ҳибсга олишга рухсат берди.

Лев Мартиросян Фото: vk.com/true_lentach

Москвада Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи, генерал-лейтенант Юрий Кузнецов аввалроқ қамалган катта миқдордаги пора иши бўйича иккинчи айбланувчи ҳибсга олинди. Россиянинг «Интерфакс» агентлиги 14 май, сешанба куни хабар беришича, Басманний суди якка тартибдаги тадбиркор Лев Мартиросянни ҳибсга олишга рухсат берган.

Мавжуд маълумотларга кўра, тергов 52 ёшли Мартиросянни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 291-моддаси 5-қисмида айбламоқда (катта миқдорда пора бериш). Суд 1 ой 28 кун муддатга, яъни 2024 йил 12 июлга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади, дея аниқлик киритди нашр.

Россия Мудофаа вазирлиги кадрлар бўлими бошлиғи порахўрлик учун ҳибсга олинди 

55-ёшли генерал-лейтенант Юрий Кузнецов 13 май куни ушланган. Аввалроқ «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали Юрий Кузнецов «уйда ушлангани», келган хавфсизлик кучлари эса «қасддан қаттиқ ҳаракат қилишгани» ва «бош ҳарбий кадрчининг Истра районидаги уйида ломлар билан дарвоза ва деразаларни синдириб ташлашгани» ҳақида хабар тарқатганди.

ТАСС агентлигининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси маълум қилишича, Кузнецовни «генералга қарши кўрсатма берган иш доирасидаги иккинчи фигурантни сўроқ қилишдан кейин» ушлашган. ЖК 290-модда, 6-қисми бўйича Кузнецовга 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид қилмоқда.

Олий ҳарбий раҳбариятда ўзгаришлар

12 май куни Владимир Путин Сергей Шойгуни мудофаа вазири лавозимидан истеъфога чиқариб, уни РФ Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига тайинлади. Шойгу вазирликни қарийб 12 йил мобайнида — 2012 йил ноябридан 2024 йил майига қадар бошқарганди. Ҳарбий идора раҳбарлиги учун эса бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича собиқ ўринбосари Андрей Белоусовнинг номзоди илгари сурилган.

Россия мудофаа вазири собиқ ўринбосарининг ҳибсга олиниши 

Аввалроқ, 24 апрел куни Москвадаги Басманний суди бир кун аввал қўлга олинган Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановни ўта йирик миқдорда пора олганликда айблаб, 23 июнга қадар тергов изоляторига жўнатди. Худди шу куни Иванов лавозимидан четлатилди. Бир кундан кейин суд Иванов ва унинг қариндошларининг кўчмас мулки, активлари ва банк ҳисобрақамларини хатловга олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид