Ҳаётий ҳикоялар туркумидан бериб борилаётган навбатдаги ҳикоя қаҳрамони совет даврида “ГАЗ-24 Волга” машинасини сотиб олиб, фирибгарга чув тушган инсон.
У мактубида 1980-йиллар ўрталарида Россияда машинафурушдан “Волга” машинасини сотиб олганини ва эътиборсизлиги туфайли ундан айрилганини ҳикоя қилади.
“Яқинда Kun.uz’да “ГАЗ-24 Волга” машинасининг тарихи ҳақида ўқиб қолдим. Ўша мақолада “ГАЗ-24 Волга” машиналари Ўзбекистондаги магазинларга келмасди, уларни кавказлик ёки украиналиклар олиб келиб, устига катта пул қўйиб сотиб кетишарди” деб ёзилган экан, бу тўғри.
Бироқ машинафурушлар фақат кавказлик ёки украиналик эмасди, бошқа миллат вакиллари, шу жумладан руслар, ўзбеклар ҳам бор эди. Фақат кавказликлар ва украиналиклар бу ишнинг устаси бўлган.
Мен ҳам 1980-йиллар ўрталарида Россияга бориб “ГАЗ-24 Волга” машинасини айнан машинафурушдан икки баробар қимматига сотиб олганман. Бироқ ўшанда сотувчилар фирибгарлик қилган ва мен машинадан айрилганман. Бунинг тарихи қуйидагича бўлган:
Бизнинг туманимиз об-ҳавоси бироз салқин бўлгани учун азалдан пахта экилмайди. Асосан узумчилик билан шуғулланамиз. Узумзорлар фақат қуритиладиган навлардан иборат.
Совет даврида ҳам асосий даромадимиз ана шу узумзорлардан эди. Эсимда, 1978-79 йилларда Москва СССРдаги беш мингта район орасида фақат бизнинг районга ерларни халққа ижара асосида тарқатишга рухсат берди.
Шундан сўнг жуда катта қир-адирлар одамларга бўлиб берилди. Кимгадир 20 сотих тегди, кимдир бир гектар ер олди. Ижара шарти шундай эди – узумзор боғлар ҳосилга киргунича беш йил одамлар ер ҳақи учун ҳеч нарса тўламайди.
Боғлар ҳосилга киргандан сўнг колхоз узум ва майиздан режа белгилайди. Ер эгаси режани бажарса ҳосилнинг қолган қисми ўзига тегади. Шу тариқа, 1979-80 йилларда ижара ерга эга бўлган одамлар 1985 йилга келиб боғлардан ҳосил ола бошлади. Колхоз ҳосилнинг 20-30 фоизини олар, ортгани одамларнинг ўзида қоларди.
Ўша пайтларда майизларнинг нархи яхши бўлгани учун ижара боғлар шарофати билан одамларнинг қўли пул кўрди. Ўша пайтда менга ҳам бир гектар ер теккан, орадан беш-олти йил ўтиб узумзор боғимдан тонналаб майиз қуритадиган бўлгандим.
Бундан ташқари, ўша пайтда куздан баҳоргача савдо билан шуғулланардим ва боғдан чиққан майизларни Россиянинг турли шаҳарларига олиб бориб сотардим.
1986 йил кузида узумларни узиб қуритдик. Колхознинг ҳақини бердим ва қолган майизни ортиб Россияга жўнадим. Горкий (ҳозирги Нижний Новгород) шаҳрига бориб, 3-4 тонна майизни 2-3 та корхонага топширдим. 1-2 ҳафтадан пулларни беришди, қўлимда 30 минг рубл йиғилди.

















