Жаҳон | 08:02 / 17.05.2024
3903
2 дақиқада ўқилади

НАТО Россия Харкив яқинида стратегик муваффақиятга эришишини кутмаяпти

Қўшинлар сонининг етарли эмаслиги Россия Қуролли кучларига стратегик муваффақиятларга эришишга имкон бермайди ва украиналиклар Ғарбнинг ҳарбий ёрдамини ҳисобга олган ҳолда Харкив вилоятида мудофаа чизиғини ушлаб турадилар, дейди Кристофер Каволи.

Фото: AP

Россия армияси Харкив вилоятида стратегик муваффақиятга эришиш учун етарли кучга эга эмас, дейди НАТО иттифоқдош қуролли кучларининг Европадаги бош қўмондони, генерал Кристофер Каволи. Россия кучлари «маҳаллий муваффақиятларга эришишга қодир ва улар шундай қилдилар», бироқ айни пайтда «маҳаллий йўқотишларга учрадилар», деди Каволи 16 май, пайшанба куни. Қолаверса, Россия ҳарбийларида «маҳорат ва имкониятлар» етишмайди», дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, америкалик генерал Украина қуролли кучларининг мудофаа чизиғини ушлаб туриш қобилиятига ишонч билдирди. Ҳозирда Украина ҳарбийлари «катта миқдорда ўқ-дорилар, қисқа масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва зирҳли техникаларни» олмоқда», деди Каволи. Унинг сўзларига кўра, НАТО ҳамкорлари томонидан Киевга тақдим этилган кейинги ҳарбий ёрдам яқин орада келиб қолади.

Россиянинг Харкив вилоятига ҳужуми

10 май куни Россия армияси Харкив вилоятини ўққа тутишни кучайтириб, минтақага ҳужум бошлади. Россия ҳарбийлари чегарадаги бир қанча қишлоқларни босиб олишга муваффақ бўлди. AFP маълумотларига кўра, бир ҳафта ичида Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудининг 278 квадрат километрини эгаллаб олган. Украина минтақадан тинч аҳолини эвакуация қилмоқда.

16 май куни Украина президенти Володимир Зеленский Харкивда олий бош қўмондонлик штаби йиғилишини ўтказди. Харкив йўналиши «ўта мураккаблигича қолмоқда», Украина ҳарбийлари эса ўз бўлинмаларини кучайтирмоқда, деди давлат раҳбари ва бутун минтақадаги вазият назорат остида қолаётганини таъкидлади. 

Мавзуга оид