“Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергия ресурслари сарф меъёрларини белгилаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича:
- республика иқтисодиётининг энергия сиғими 0,33 шартли ёқилғи тоннани ташкил этади ёки ривожланган мамлакатларга нисбатан 3 баробар кўп. Жумладан: 1 тонна металл учун 900 кВт*соат (20 фоиз кўп); 1 тонна кўмирни қазиб чиқариш учун 462,2 кВт*соат (33 фоизга кўп); 1000 метр куб сувни узатиш учун 130 кВт*соат (16 фоизга кўп) электр энергияси; 1 метр куб тоғ-жинсларини қазиб олиш учун 1,73 кг ш.ё. (23,5 фоизга кўп); 1 ГКал иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун 168,2 кг ш.ё. (25 фоизга кўп) ёқилғи сарфланади;
- автотранспорт воситалари ва механизмлар учун ёқилғи меъёрлари мавжуд бўлмаганлиги натижасида 2022 йилда 3249 тонна нефт ва 1220 тонна суюлтирилган углеводород газ асоссиз равишда сарфланган:
- энергия ресурслар ҳисобига таннархни пасайтириш мақсадида 2023 йил 11 ой давомида 301 млн кВт*соат электр энергияси ва 730 млн кубметр табиий газдан ноқонуний фойдаланилган;
- сифатсиз нефт маҳсулотлари реализацияси олдини олиш учун таъсирчан чоралар белгиланмаганлиги сабабли 2022 йилда 11,1 минг тонна ва 2023 йилнинг ўтган даврида 6,7 минг тонна сифатсиз нефт маҳсулотлари аниқланган;
- саноат корхоналарида ёқилғи-энергия ресурслари сарф меъёрлари бир-бирлик маҳсулот таннархида энергия ресурслар улуши ривожланган давлатларга нисбатан 3 баравар юқори;
- истеъмолчиларга сифатсиз автобензин етказиб бераётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан таъсирчан чоралар белгиланмаган.
Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзэнергоинспекциянинг йилига 500 т.ш.ё. ёки 250 тонна ва ундан юқори мотор ёқилғиси сарфлайдиган йирик энергия ресурслари истеъмолчилари томонидан ҳар йили бир бирлик маҳсулот ишлаб чиқариш учун ҳамда автотранспорт ва махсус техникалар учун сарфланадиган ёқилғи-энергия ресурслари меъёрларини мажбурий тарзда ишлаб чиқиш ва Ўзэнергоинспекция билан келишиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Белгилаб қўйилишича:
а) 2024 йил 1 июндан бошлаб маиший электр приборларининг энергия самарадорлиги классларини аниқлаш учун А+++, А++, А+, А, В, С, D белгилари жорий этилади. Бунда А+++ класси энергия самарадорлиги энг юқори бўлган маиший электр приборларини белгилаш учун ва тегишли равишда D класси (тавсифларини ҳисобга олган ҳолда) бир тоифага киритилган маиший электр приборлари жумласидаги энергия самарадорлиги энг кам бўлган маиший электр приборларини белгилаш учун қўлланади;













