Visual Capitalist 2025 йилда аҳоли жон бошига умумий энергия таъминоти энг юқори бўлган 40 та давлат рейтингини тақдим этди. Маълумотлар Энергетика институтининг Statistical Review of World Energy 2026 ҳисоботига асосланган.
Умумий энергия таъминоти деганда мамлакат иқтисодиётига кириб келадиган барча энергия — саноат, электр энергияси ишлаб чиқариш ва транспорт учун сарфланадиган ёқилғи ҳамда бошқа энергия манбалари тушунилади. Бунда энергияни бир турдан бошқасига айлантириш жараёнидаги йўқотишлар ҳали ҳисобга олинмаган бўлади.
Шу сабабли мазкур рейтинг аҳолининг маиший энергия истеъмоли ёки алоҳида бир кишининг шахсий энергия сарфини эмас, балки бутун иқтисодиётнинг энергияга бўлган талабини акс эттиради.
Рейтингда Исландия 745 гигажоул билан биринчи ўринни эгаллаган. Мамлакатда электр энергияси деярли тўлиқ маҳаллий гидроэнергетика ва геотермал манбалар ҳисобига ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, алюминий ишлаб чиқариш каби энергия талабчан саноат тармоқлари умумий истеъмолнинг катта қисмини шакллантиради.
Иккинчи ўринда Қатар — 717 гигажоул, учинчи ўринда эса Сингапур — 628 гигажоул кўрсаткич билан қайд этилган.
Қатарда табиий газни қайта ишлаш, суюлтириш ва экспорт қилиш йирик ҳажмда амалга оширилади. Сингапур эса дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё марказларидан бири ҳисобланади. Ҳар икки давлатда аҳоли сони нисбатан кам бўлгани ҳам жон бошига ҳисобланган кўрсаткичнинг юқори бўлишига таъсир қилади.
Рейтингнинг биринчи саккизталигида ўзига хос тенденция кузатилади. Исландия ва Сингапурдан ташқари, қолган олти давлат нефть ва газнинг йирик ишлаб чиқарувчилари бўлиб, аҳолиси нисбатан кам.
Жумладан, Кувайтда аҳоли жон бошига 378 гигажоул, Тринидад ва Тобагода 358 гигажоул, Саудия Арабистонида 348 гигажоул, Уммонда 315 гигажоул энергия тўғри келган.
Россия рейтингда 216,6 гигажоул кўрсаткич билан 12-ўринни эгаллаган.
Хитойда эса аҳоли жон бошига умумий энергия таъминоти 115 гигажоулни ташкил этган. Бу кўрсаткич Испаниядаги 109 гигажоулдан юқори.
Айни пайтда Буюк Британия — 90 гигажоул, Италия — 94 гигажоул ва Швейцария — 98 гигажоул кўрсаткич билан биринчи 40 таликка кирмаган. Рейтингнинг қуйи чегараси Болгарияга тўғри келиб, унда аҳоли жон бошига энергия таъминоти 104 гигажоулни ташкил этган.
Рейтингнинг географик таркиби ҳам эътиборга молик: Африка ва Жанубий Америкадан бирорта давлат биринчи 40 таликка кирмаган. Рўйхат Европа, Осиё, Шимолий Америка ва Океания мамлакатларидан ташкил топган.
Муаллифлар юқори кўрсаткич ҳар доим ҳам оддий аҳоли кўпроқ энергия сарфлашини англатмаслигига урғу берган. Масалан, Қатар ва Сингапур каби давлатлар бошқа мамлакатларда истеъмол қилинадиган ёнилғи ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш учун катта миқдорда энергия сарфлайди. Шу боис аҳолиси кам, аммо саноати энергия талабчан бўлган давлатлар жон бошига ҳисобда йирик иқтисодиётларни ҳам ортда қолдириши мумкин.
Қайси давлатлар аҳоли жон бошига энг кўп энергия сарфлайди?
09:205073 мин
2025 йилда аҳоли жон бошига умумий энергия таъминоти энг юқори бўлган давлатлар рейтингида Исландия биринчи ўринни эгаллади. Мамлакатда бу кўрсаткич бир кишига 745 гигажоулни ташкил этган. Кейинги ўринлардан Қатар ва Сингапур жой олган.









