Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан АҚШ Мудофаа вазирлиги ўртасида махфий ҳарбий маълумотларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун маъқулланди.
Бу битим Вашингтонда 2023 йил 9 июнда имзоланган эди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов сўзларига кўра, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, мавжуд ҳарбий таҳдидлар – Ўзбекистон Республикаси Қуроллик кучларининг ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришини тақозо этмоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоева сўзларига кўра, қонун яхши бўлиб, унда ўзаро манфаатли маълумотлар алмашинуви, беғараз ҳарбий-техник ёрдам олиш, ҳарбий техникаларни тўғри эксплуатация қилиш учун ўқув машғулотларини ўтказиш масалалари қамраб олинган.
Қонун сенаторлар томонидан бир овоздан қабул қилинди.










