14:36 / 20.05.2024
6695

Қулупнайни тузли сувда чайиб истеъмол қилган яхши – мутахассис

Қулупнайни сотиб олгандан кейин 5 минут тузли сувга солиб, кейин чайиб ташланса, ўткир юқумли касалликлар олди олинади. Бу ҳақда Санэпид Тошкент шаҳар бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилфуза Расулова маълумот берди.

Фото: Kun.uz

Баҳор-ёз ойларида қулупнай мавсуми бошланган. Айни кунларда катталар ва айниқса болалар ўртасида ўткир юқумли ичак касалликларининг кўпайиши авж олади. Бундай мавсумда қулупнайни қай ҳолатда истеъмол қилиш кераклиги ҳақида Санэпид Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Расулова маълумот берди.Кўча-кўйда транспорт қатнови гавжум жойда, йўл ёқаларида қулупнайларни сотиб туришади. Ташқи муҳитда турли хил микроорганизмлар, вирус ёки заҳарли моддалар бор. Айнан машиналар ўтиш жойида чанг-тўзон кўтарилади ва у ҳўл меваларга келиб ёпирилади. Қаерда туришидан қатъи назар қулупнайни татиб кўриш мумкин эмас. Агар мазасига шубҳа қилинса, албатта, ювиб татиб кўриш керак”, – дейди Дилфуза Расулова.

Мутахассис қулупнайларни иложи борича тузли сувда 5 минут солиб қўйиб, кейин чайиб ташлаб истеъмол қилиш кераклигини таъкидлади. Бу орқали нафақат ўткир юқумли касалликлар, балки паразитар касалликларни келтириб чиқарувчи гелминтлардан ҳам халос бўлиш мумкин. “Чунки қулупнай ерда ўсади. Табиийки, тупроқда турли бактерия ва гелминтларнинг уруғи ҳам бўлиши мумкин. Тузли сув эса уларнинг ҳатто тухумлари ҳам йўқ бўлади”, – деди Санэпид мутахассиси.

Шунингдек, у ижтимоий тармоқларда қулупнайни истеъмол содаси билан ювиш кўрсатилган видеоларга ҳам изоҳ бериб, бу усулдан фойдаланишни тасвия қилмаслигини айтди. “Истеъмол содаси ишқор бўлгани учун қулупнайни ювишда ундан фойдаланишни тавсия қилмайман. Ундан кўра, ўткир юқумли касалликларнинг олдини олиш учун фарзандаримизга қулупнайни мураббо шаклида берган маъқул”, – деди у.

Top