BBC Иброҳим Раисийнинг ҳаёти ва фаолиятининг энг асосий воқеаларига назар ташлади.
Консерватив руҳоний
Кутилмаганда президентликка номзодини қўймагунича Иброҳим Раисий эронликларнинг ҳам кўпчилигига яхши таниш эмасди.
Ўша вақтда 56 ёшда бўлган консерватив диний арбоб ислом ҳуқуқи бўйича докторлик даражасига эга эди. Суд тизимидаги фаолияти давомида юқори лавозимларни эгаллаганига қарамай, Раисий сояда эди.
Эроннинг бўлажак президенти 1960 йилда Машҳад шаҳрида туғилган, 15 ёшида у Қум вилоятидаги мамлакатнинг энг нуфузли диний мадрасасига ўқишга кирган, беш йил ўтиб, Ислом инқилобидан кейин дарҳол суд тизимида ишлай бошлаган.
Раисий 25 ёшидаёқ пойтахт Теҳрон прокурори ўринбосарига айланади. Кейинроқ у суд тизими раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланаган.

«Ўлим комиссияси»
1988 йилда Раисий «ўлим қозилари» деб аталган қўмитадаги тўрт ҳакамдан бири бўлган. Бу комиссия қамоқ муддати якунланганидан кейин Эрон қамоқхоналарида қатл этилган минглаб мухолифатчиларнинг тақдирини ҳал қилганди.
Бундай қатллар — инқилобдан кейинги Эрондаги тақиқланган мавзулардан бири бўлиб, ҳеч қачон расман текширилмаган.
Эроннинг собиқ президенти Ҳасан Руҳоний Эрон давлат телевидениесидаги сайловолди дебатларида бу мавзуни кўтариб, кўпчиликни ҳайратда қолдирганди.
Руҳонийнинг сўзларига расмий муносабат билдирилмаган бўлса-да, унинг изоҳлари ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, кўпчилик эронлик ёшлар бехабар бўлган эпизод бирданига омма эътиборига тушди.



















