Шу йил 19 апрелда қабул қилинган 162-сонли президент қарорига мувофиқ, республикадаги мингдан зиёд давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланди.

Рўйхатдан турли ижтимоий объектлар, хусусан, мактаб, боғча, шифохоналар бинолари ҳам ўрин олган.

Шу жумладан, Қашқадарё вилоятида жойлашган, “Шўртан” газ-кимё мажмуаси тасарруфидаги “Эркатой” номли 4 та боғча ҳам сотилиши мумкин, булар:

  • Нишон тумани Нуристон шаҳарчасидаги 140 ўринли (1,7 гектар) “Эркатой-1” боғчаси;
  • Нишон тумани Нуристон шаҳарчасидаги 140 ўринли (1,7 гектар) “Эркатой-2” боғчаси;
  • Қарши шаҳридаги 200 ўринли (1,28 гектар майдонда жойлашган) “Эркатой-3” болалар боғчаси;
  • Ғузор тумани “Мустақиллик” МФЙдаги 150 ўринли (0,53 гектар) “Эркатой-4” боғчаси.

Ҳисоб палатасига икки ой муддатда балансда сақловчи вазирлик, идоралар ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар томонидан оммавий савдога чиқариладиган активларнинг ўз вақтида Давактив агентлигига ўтказилишини назоратга олиш топширилган.

Нишон туманидаги “Эркатой-1” боғчаси

Сотувга чиқариладиган Қашқадарё вилоятидаги “Эркатой” боғчалари қарорга “бўш турган объект” сифатида киритилган. Kun.uz'га айни масалада боғча тарбияланувчиларининг ота-оналари мурожаат қилиб, агар бу объектлар сотилса, улар боғча мақомини йўқотиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

“Қарши шаҳридаги “Эркатой-3” боғчаси бўш турган объект эмас, унда ҳозирги кунда 200 дан зиёд тарбияланувчи таҳсил олади. Вилоятдаги 4 та “Эркатой” боғчаларида жами 700 дан зиёд болалар тарбияланади. Бу объектлар қандай қилиб “бўш турган иморат” мақомини олгани биз учун тушунарсиз. Улар сотилса, болаларимиз кўчада қоладими? Бу боғчалар 2006-2009 йилдан буён болажонлар ҳар томонлама соғлом ва етук авлод бўлиб етишиши йўлида хизмат қилиб келяпти”, дейилади таҳририятга йўлланган мурожаатда.

Таҳририят суҳбатлашган ота-оналардан яна бири агар боғча ўз боғча мақомини сақлаб қолса, инвестор шу мажбуриятни зиммасига олса, ота-оналар ҳам, мактабгача таълим муассасаларининг ўзи ҳам сотилишига қарши эмаслигини билдирди.