Ўзбекистон | 10:40 / 24.05.2024
17904
1 дақиқада ўқилади

Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қонуний тарзда ишга таклиф этмоқчи

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Новосибирск шаҳридаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Восход" акциядорлик жамияти раиси Сергей Гребнев билан учрашув ўтказди.

Фото: Дунё

"Дунё" хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизни ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Мазкур ташкилотнинг хорижий ишчилар билан ишлаш тажрибаси, ташкилий тарзда бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш масаласи бўйича фикр алмашилди.

Россия томони жалб этилган ишчилар расмий тарзда ёлланиши, уларнинг овқат ва яшаш харажатлари қопланиши, тиббий кўрикдан ўтиш ва ойлик маошлар ҳақида батафсил айтиб ўтди.

Бундан ташқари, иш берувчи томонидан ташаббусли ходимларни ўрта-махсус ва олий таълим малакалари бўйича ўқитиш имкониятлари мавжудлиги билдирилди. Ҳозирги кунда ташкилотда қўшимча 70 нафар ишчига талаб борлиги ва ушбу ўринларга Ўзбекистон фуқароларини жалб этиш мумкинлиги маълум қилинди.

Мавзуга оид