Давлат ташкилотлари қимматбаҳо смартфонлар сотиб олишдан ўзини тия олмагани маълум бўлди
Бош вазирнинг асосий воситалар харидини тўхтатиб туриш ҳақидаги топшириғига қарамай, ўтган йили давлат ташкилотлари 6,6 млрд сўм пул сарфлаб 3400 дан ортиқ смартфон сотиб олган. Улар орасида энг сўнгги русумдаги қимматбаҳо iPhone 15 Pro Max смартфонлари ҳам бор. Ўтган йили давлат бюджети дефицити фавқулодда ошиб кетган, бу дефицит хусусан ташқи қарзлар ҳисобига қопланган эди.

PATRICK T. FALLON / Getty Images
2023 йилда давлат ташкилотлари томонидан 3402 дона қимматбаҳо смартфон сотиб олиш учун 289 та ҳолатда жами 6 млрд 637,8 млн сўмлик шартномалар тузилиб, тўловлар амалга оширилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг таҳлилий ҳисоботида (нусхаси Kun.uz'да мавжуд) келтириб ўтилган.
Қўмитанинг қайд этишича, бюджет ташкилотларининг бу харидлари бош вазирнинг 2023 йил 5 январдаги топшириғига зид равишда рўй берган. Бу топшириққа кўра, вазирлик ва идораларнинг чекланган сони (ташкилий тузилмаси) тасдиқлангунига қадар уларнинг асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлари бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши вақтинча тўхтатилиши керак эди.
Бироқ, юқоридаги рақамлардан келиб чиқилса, ўтган йили давлат ташкилотлари ҳар бир харидда ўртача 12 та смартфонга буюртма берган.
Қўмитанинг ўрганишларига кўра:
- Қорақалпоғистон Республикасида 796 та уяли алоқа воситаси учун 62 ҳолатда 1 483,3 млн сўм;
- Жиззах вилоятида 658 та уяли алоқа воситаси учун 27 та ҳолатда 948,9 млн сўм;
- Фарғона вилоятида 519 та уяли алоқа воситаси учун 30 та ҳолатда 581,9 млн сўм маблағ сарфланган.
“Мисол учун, Сурхондарё вилояти Саросиё тумани ҳокимлиги томонидан “Баҳруллои Рустам Чорвадор” хусусий корхонаси билан 4 дона қимматбаҳо смартфон (iPhone 13 Pro Max) сотиб олиш учун захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 72 млн сўмлик шартнома тузилиб, тўловлар амалга оширилган. Шунингдек, Жиззах давлат педагогика институти томонидан “Одилов Абдулҳамид ўғли” хусусий корхонаси билан iPhone 15 Pro Max сотиб олиш учун электрон савдо платформаси орқали 19,1 млн сўмлик шартнома тузилиб, тўлов қилинган”, – дейилади ғазначилик хизматининг ўрганиш натижаларида.
2024 йилнинг ўтган даврида эса, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 301 та уяли алоқа воситаларини сотиб олиш учун 60 та ҳолатда жами 1 млрд 362 млн сўмлик шартномалар тузилиб, тўловлар амалга оширилган.
Хусусан, Фарғона вилоятида 146 та турли уяли алоқа воситалари учун 10 та ҳолатда 566,1 млн сўм, Тошкент вилоятида 72 та уяли алоқа воситаси учун 7 та ҳолатда 193,1 млн сўм ва Андижон вилоятида 14 та уяли алоқа воситаси учун 2 та ҳолатда 255 млн сўм пул сарфланган. Мисол тариқасида, Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокимлиги томонидан “Омад-имкон 21” МЧЖ билан 1 дона iPhone 15 Pro сотиб олиш учун 18,5 млн сўмлик шартнома имзолангани келтириб ўтилган.
Ғазначилик қўмитаси тафтиш натижаларини бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга тақдим этган. Вазиятни Молиявий назорат инспекцияси ўрганиши кераклиги бўйича таклиф билдирилган.
Аввалроқ, Самарқанд вилояти прокуратураси 445 млн сўмга 22 дона iPhone 14 Pro Max, Республика маънавият тарғибот маркази Тошкент вилояти бўлими эса 51 млн сўмга 2 та iPhone 15 Pro Max харид қилгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети дефицити рухсат этилганидан салкам икки баробарга ошиб кетиб, ЯИМнинг 5,5 фоизига етган эди. Йил давомида олинган ташқи қарзлар миқдори ҳам режадагидан 1 млрд долларга ошиб кетиб, 5,5 млрд долларни ташкил этганди.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати 1,5 млрд доллар миқдорида навбатдаги суверен облигацияларни чиқарди. Статистика агентлигига кўра, йилнинг биринчи чорагида давлат кафолати остида олинган хорижий кредитлар миқдори 2,7 баробарга ошган.
Тавсия этамиз
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади
Ўзбекистон | 10:56 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Уруш шов-шуви, «Чашма» келишуви, чегарадан қайтган туркман помидори ва сафари қолдирилган Мелони
Жаҳон | 13:30
-
Можароли класико. «Реал» бу сафар жанг таклиф қилди, аммо озроқ етмади
Спорт | 12:45
-
Истанбулда ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқароси вафот этди
Ўзбекистон | 12:18
-
Ватиканда Францискнинг дафн маросимига 200 минг киши йиғилди – фотосуратлар
Жаҳон | 11:19
Мавзуга оид

12:28 / 11.04.2025
ИМВ давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш тизимида кутилаётган ўзгаришларга изоҳ берди

19:09 / 10.04.2025
Давлат хизматчиларига қўшимча тўловлар тўлаш механизмлари бекор қилиниши мумкин

19:04 / 25.03.2025
“Ташаббусли бюджет”дан ҳам умидини узаётган маҳалла: Шаҳрихондаги мактаб қачон таъмирланади?

13:22 / 25.02.2025